Туркиянинг Измир шаҳридаги ЖИЭМда сақланаётган ватандошлар ҳолидан хабар олинди
Январ 11, 2026. 11:55 • 44 сония
• 223ИСТАНБУЛ, 11 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси дипломатлари Туркияда бўлган даврида жиноят содир этганликда айбланаётган ёки терговда бўлган ватандошларга консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Измирдаги аёллар ва эркаклар ахлоқ тузатиш муассасаларига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дипломатлар ушбу муассасаларда Ўзбекистон фуқароларини сақлаш шароитлари, тиббий хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат таъминоти, телефондан фойдаланиш, адвокатлар ва яқин қариндошлари билан учрашиш, мурожаатларни қабул қилиш ҳуқуқини бериш ҳолатларини ўрганди.
Жазони ижро этиш муассасалари (ЖИЭМ) раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокараларда келгусида дипломатларнинг ватандошлар билан мунтазам учрашувларини ўтказиш, Ўзбекистон фуқароларига консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Ўзбекистонликлар билан яккама-якка суҳбатлар чоғида уларнинг муаммолари кўриб чиқилди ва Туркия қонунчилигига мувофиқ уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, мажбуриятлари ҳақида маълумот берилди. Маҳкумларни Ўзбекистонга жазони ўташ учун юбориш имкониятлари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

