Logo

“Kazinform” ХАА: Қозоғистон – Ўзбекистон сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик такомиллаштирилади

Январ 20, 2026. 18:27 • 2 дақ

138
“Kazinform” ХАА: Қозоғистон – Ўзбекистон сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик такомиллаштирилади

ТУРКИСТОН, 23 январь. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг “Kazinform” халқаро ахборот агентлигида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, Туркистон вилоятида ўтказилган қўшма ишчи гуруҳ йиғилишида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Учрашувда Қозоғистон сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов, Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ва Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кошеров мавзу юзасидан сўз юритган.

Мулоқот жараёнида Марказий Осиёда сув-энергетика ҳамкорлигининг ўзаро манфаатли барқарор механизмини ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масаласида ҳам фикр-мулоҳаза алмашилган.

Томонлар икки томонлама сув ва сув-энергетика ҳамкорлиги, хусусан, “Дўстлик” давлатлараро каналини тозалаш ва таъмирлаш ишларини муҳокама қилган.

“Жорий йилда “Дўстлик” каналини механизациялашган ҳолда тозалаш ва бош иншоотларни таъмирлаш ишлари давом эттирилади. Томонлар сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш соҳасида тажриба алмашишга келишиб олди. Шу билан бирга, Сирдарёда 10 та автоматлаштирилган гидропост – ҳар бир давлат ҳудудида 5 тадан иншоот ўрнатиш лойиҳасини амалга оширишни бошлаш режалаштирилган”, дея баён этилган нашрда.

Мақолада таъкидланишича, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида ишлаб чиқилган лойиҳа трансчегаравий сувларни тақсимлашда шаффофлик ва аниқликни таъминлашга қаратилган. Айни пайтда GIZ техник топшириқни ишлаб чиқишни якунлаган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш