Logo

2026 йилда “Iteca Exhibitions” кўргазма мавсумининг классик модели янги форматлар билан тўлдирилади

Январ 23, 2026. 19:54 • 3 дақ

58
2026 йилда “Iteca Exhibitions” кўргазма мавсумининг классик модели янги форматлар билан тўлдирилади
2026 йилда “Iteca Exhibitions” кўргазма мавсумининг классик модели янги форматлар билан тўлдирилади

ТОШКЕНТ, 23 январь. /“Дунё” АА/. Тошкентда “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компаниясининг 2025 йил якунлари ва 2026 йилга мўлжалланган режалари тақдимотига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбирда компания 31-кўргазма мавсумига старт берди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, “Iteca Exhibitions” томонидан 2025 йилда 20 та халқаро кўргазма, 4 та кенг кўламли форум ва 36 та тематик семинар ташкил этилди. Унда 55 та давлатдан 4311 та компания ва брендлар, 251 та спикер ва модераторлар ҳамда 3957 та делегатлар иштирок этди. Ташрифларнинг умумий сони 101 минг 160 тани ташкил этди ва иштирокчилар географияси 75 мамлакатни қамраб олди. Бу компаниянинг кўргазма лойиҳаларига халқаро қизиқишнинг юқори даражада эканини тасдиқлайди.

Бош директор ўринбосари Ойимхон Бабаджанова 2026 йилга мўлжалланган режалар ҳақида гапирар экан, компания фаолиятнинг ҳам миқдорий, ҳам сифат кўрсаткичларини ривожлантириш орқали иштирокчи мамлакатлар географияси ва кўргазма мавзуларини кенгайтириш ниятида эканини маълум қилди.

Кўргазма мавсумининг классик модели бизнесни ривожлантириш, миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган янги форматлар, форумлар ва қайта ишга туширилган лойиҳалар билан тўлдирилади.

Жорий йилда “Ўзэкспомарказ” МКК ва “CАЕх Uzbekistan” майдонларида 22 та халқаро кўргазма ва бешта конференция ўтказиш режалаштирилган.

2026 йилда компаниянинг тўртта кўргазмаси юбилейларини нишонлаши алоҳида таъкидланди: TIHE - 30 йил, UzFood - 25 йил, MiningMetals Uzbekistan - 20 йил ва E-TechExpo - 5 йил.

Янги мавсумнинг ўзига хос хусусияти тақвимда сув ресурслари масалаларига бағишланган янги экспозициянинг пайдо бўлиши бўлади. Саноат тадбирлари департаменти директори Нодирбек Тўрабековнинг сўзларига кўра, “Tashkent Water Week” халқаро сув форумида 22 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши режалаштирилган. Форум Ўзбекистон ҳукумати томонидан “Iteca Exhibitions”, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Прогрессив ислоҳотлар маркази кўмагида ташкил этилмоқда.

Асосий тадбирлар ҳукумат вакиллари, жумладан, сув ва қишлоқ хўжалиги вазирлари иштирокидаги йиғилишлар бўлиб, уларда минтақадаги трансчегаравий сув алмашинуви масалаларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Форумнинг ахборот ҳамкори сифатида “Дунё” АА фаолият юритади. Бу эса тадбирнинг миллий ва халқаро миқёсда кенг ёритилишини таъминлайди.

Баҳорги кўргазма мавсумини мамлакатнинг бош қурилиш кўргазмаси “UzBuild” очиб беради. Ушбу кўргазма “Ўзэкспомарказ” МККда Ўзбекистон қурилиш ва интерьер ҳафталиги доирасида бўлиб ўтади ва “BuildTech” ихтисослаштирилган бўлими ва ICCI қурилиш индустрияси халқаро конференцияси билан тўлдирилади.

Хулоса қилиб, компания вакиллари “Iteca Exhibitions” ўз лойиҳаларини иштирокчилар учун амалий фойда келтирадиган ва Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган самарали В2В платформаси сифатида ривожлантиришда давом этишини таъкидладилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш