Logo

Элдор Арипов: Ўзбекистон барча манфаатдор томонларни олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан жалб этишга асосланган “инклюзив дипломатия”нинг ноёб моделини ишлаб чиқди

Январ 23, 2026. 18:52 • 4 дақ

100
Элдор Арипов: Ўзбекистон барча манфаатдор томонларни олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан жалб этишга асосланган “инклюзив дипломатия”нинг ноёб моделини ишлаб чиқди

БРЮССЕЛЬ, 23 январь. /“Дунё” АА/. Бельгия пойтахтида Мартти Ахтисаари Тинчлик фонди томонидан Польшанинг Европа Иттифоқи Кенгашидаги раислиги ва Испания Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида кеча юқори даражадаги мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори, Финляндиянинг собиқ президенти томонидан асос солинган Мартти Ахтисаари номидаги тинчлик фонди Европа тинчликпарвар дипломатияси тизимида алоҳида ўрин тутади. Фонд 100 дан ортиқ халқаро эксперт ва 300 та стратегик шерикни қамраб олиб, Яқин Шарқдан Евроосиёгача бўлган ҳудудларда 50 дан ортиқ тинчлик йўлидаги саъй-ҳаракатларга фаол кўмаклашмоқда.

Тадбирда турли мамлакатлардан 120 дан ортиқ юқори мартабали вакиллар, жумладан, Европа ташқи алоқалар хизмати раҳбарияти, Европа Иттифоқининг махсус вакиллари, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари, БМТ, Африка Иттифоқи, Европанинг етакчи таҳлилий марказлари ва тадқиқот институтлари вакиллари иштирок этди.

Асосий иштирокчилар қаторида БМТнинг Савдо ва тараққиёт конференцияси бош котиби Ребека Гринспан, Европа Иттифоқининг Саҳель бўйича махсус вакили Жоау Кравиню, Африка Иттифоқи Донишмандлар гуруҳининг аъзоси Пумзиле Мламбо-Нгкука ва бошқалар иштирок этишди.

Асосий мавзу Европа Иттифоқи сиёсий шиордан ўзининг ташқи сиёсатининг операцион мантиғига айлантиришга интилаётган“принципиал прагматизм” тушунчасини муҳокама қилиш бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов Ўзбекистон номидан иштирок этди. У “Тинчликка эришиш учун принсипиал прагматизмни қўллаш” мавзусидаги панель сессиясида нутқ сўзлади.

Марказий Осиё ҳамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенг қамровли тинчликпарвар сиёсати Мулоқот иштирокчиларининг алоҳида эътиборини тортди. Европалик мутахассислар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёдаги изчил ва тизимли сиёсатига юқори баҳо берди, унинг нафақат минтақавий хавфсизлик тизимига, балки глобал миқёсда низоларни бартараф этиш жараёнларига ҳам ўтказаётган трансформацион таъсирини қайд этди.

Ўзбекистон барча манфаатдор томонларни олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан жалб этишга асосланган “инклюзив дипломатия”нинг ноёб моделини ишлаб чиққани алоҳида таъкидланди.

Минтақа мамлакатларининг фаол сиёсати Марказий Осиёни геосиёсий рақобат объектидан минтақавий муаммоларга ўз ечимларини яратишга қодир бўлган халқаро муносабатлар субъектига айлантириш имконини берди.

Элдор Арипов ўз нутқида таъкидлаганидек, ўн йил аввал Марказий Осиё ҳал қилинмаган чегара масалалари, сув тақсимоти бўйича келишмовчиликлар, ёпиқ чегаралар ва одамлар ўртасидаги чекланган муносабатлар каби бир қатор жиддий қийинчиликларга дуч келган эди. Бугунги кунда эса вазият тубдан ўзгарган.

Барча асосий низолар ҳал қилинди, чегаралар очиқ ва функционал бўлди, ўзаро ишонч даражаси сезиларли даражада ошди. Минтақавий савдо беш баробар, ўзаро инвестициялар ҳажми икки баробар кўпайди, ҳатто пандемия даврида ҳам Марказий Осиё мамлакатлари ҳаётий муҳим товарларни етказиб бериш учун чегараларни очиқ ҳолда сақлаб қолди.

“География эмас, сиёсий тафаккур ўзгарди”, – деди у.

СМТИ директори ижобий ўзгаришларни таъминлаган бир неча асосий омилларни ажратиб кўрсатди. Улар орасида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: олий даражадаги сиёсий ирода – минтақа раҳбарларининг барқарорлик ва тараққиёт йўлини онгли равишда танлаши; чегараларни белгилашдан тортиб сув ресурсларини бошқаришгача бўлган мураккаб масалаларни ҳал этишга амалий ёндашув; минтақа мамлакатларининг умумий тарихи ва ўзаро боғлиқлигини англаш; инсонлар ўртасидаги алоқалар, трансчегаравий савдо ва сайёҳлик орқали маҳаллий жамоаларнинг фаол иштироки ёрдамида мустаҳкамланган тинчлик.

“Тинчлик мавҳум мақсад эмас, балки ривожланиш учун амалий зарурат сифатида қабул қилинди”, – дея таъкидлади СМТИ директори.

Элдор Арипов ташқи ҳамкорлар билан муносабатлар ҳақида сўзлар экан, Ўзбекистоннинг Афғонистон борасидаги сиёсатига алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, Тошкент изоляция барқарорликни таъминлаш воситаси бўла олмаслигига қатъий ишонч билан ёндашмоқда.

“Изоляция модернизацияга ҳам, барқарорликка ҳам ёрдам бермайди – аксинча, экстремизм ва терроризм учун замин яратади”, – деди у.

Ўзбекистон иқтисодий интеграцияга Афғонистонда ва умуман минтақада барқарор тинчликнинг асосий омили сифатида қарайди. Мисол тариқасида Афғонистон ва Покистон тадбиркорлари визасиз режимда бизнес юритиши мумкин бўлган Термиз шаҳридаги Халқаро савдо маркази келтирилди. Бугунги кунда у ерда 200 дан ортиқ афғон корхоналари фаолият юритмоқда. Шунингдек, Афғонистон ҳудудида саноат кластери ташкил этиш режалаштирилган.

Сўзининг якунида СМТИ директори Марказий Осиёнинг минтақадан ташқарида тинчлик ўрнатишга қўшган ҳиссаси тайёр ечимларни экспорт қилиш эмас, балки прагматик ёндашувнинг самарадорлигини кўрсатишда эканлигини таъкидлади.

“Минтақавий масъулият, иқтисодий интеграция ва прагматик ҳамкорлик дипломатик ва хавфсизлик чораларини тўлдиришга, уларнинг натижасини кучайтиришга қодир”, – дея хулоса қилди у.

Брюсселга ташрифи доирасида Элдор Арипов Европа ва халқаро тадқиқот марказлари, жумладан, Халқаро инқироз гуруҳи (ICG), Европа Иттифоқи хавфсизлик тадқиқотлари институти (EUISS), Марти Ахтисаари номидаги тинчлик фонди, Европа сиёсати маркази (EPC) ва Европадаги Карнеги фонди вакиллари билан бир қатор мазмунли учрашувлар ўтказди. Бундан ташқари, Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) вакиллари билан музокаралар ўтказилди.

Суҳбат чоғида европалик шериклар билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш йўллари муҳокама қилинди. СМТИнинг Европа Иттифоқи мамлакатлари илмий-академик ва таҳлилий марказлари билан эксперт мулоқотини фаоллаштириш ва ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Икки ва кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва таклифлар кўриб чиқилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш