Logo

Ўзбекистон делегацияси Атирау ва Оқтовда маданий тадбирларда қатнашди

Апрель 22, 2026. 14:25 • 2 дақ

134
Ўзбекистон делегацияси Атирау ва Оқтовда маданий тадбирларда қатнашди
Ўзбекистон делегацияси Атирау ва Оқтовда маданий тадбирларда қатнашди
Ўзбекистон делегацияси Атирау ва Оқтовда маданий тадбирларда қатнашди
Ўзбекистон делегацияси Атирау ва Оқтовда маданий тадбирларда қатнашди

ОҚТОВ, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Атирау ва Актау шаҳарларида Наврўз айёми ҳамда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Атирау шаҳрида ўтказилган тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистондан “Ватандошлар” жамоат фонди, давлат филармонияси, Қорақалпоғистон давлат академик мусиқали театри ва “Маданият ва маърифат” телеканали вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди.

Шаҳардаги Халел Досмухамедов номидаги университетда ташкил этилган тадбирда маҳаллий ҳокимият вакиллари, кенг жамоатчилик ва 200 нафарга яқин ватандошлар иштирок этди.

Иштирокчилар Амир Темур ва темурийлар даври ҳамда баҳор айёми – Наврўз байрами тарихи ва аҳамияти ҳақида сўз юритди. Учрашувда концерт дастури намойиш этилиб, тадбир меҳмонлари учун миллий ўзбек таомлари тортилди.

Ушбу университетда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашувда хориждаги ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Намойиш этилган “Элпарвар” фильми ёшларда катта таассурот қолдирди. Иштирокчилар ушбу олий таълим муассасасида “Ўзбек тили ва адабиёти хонаси” очиш бўйича келишувга эришди.

Оқтовда бўлиб ўтган маданий-маърифий тадбир ҳам юксак савияда ташкил этилди. Шаҳардаги Каспий технологиялар ва инжиниринг университетида ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказилди. Унда талабаларни қўллаб-қувватлаш, стипендиялар, иш билан таъминлаш ва стажировка дастурлари ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Манғистау вилояти кутубхонасига ҳам ташриф буюриб, у ерда ташкил этилган ўзбек адабиёти бурчаги билан танишди. Кутубхона раҳбарияти ўзбек адабиётига қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади.

Оқтовдаги “Дўстлик уйи”да ўтказилган Наврўз ва Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган байрам тадбирида дипломатик корпус дипломатлари, турли миллат маданий марказлари вакиллари ҳамда юртдошларимиз қатнашди.

Тадбир давомида маҳаллий ўзбек ва қорақалпоқ этномаданий бирлашмаларига “Ватандошлар” жамғармаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш