Logo

Римда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказилди

Апрель 21, 2026. 12:55 • 2 дақ

94
Римда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказилди
Римда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказилди

РИМ, 21 апрель. /“Дунё” АА/ Римда буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг элчихонаси ва Флоренция тарихий маркази кўмагида ташкил этилди.

Унда Италиянинг илмий-академик доиралари, маданият ва нашриёт соҳаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ватандошларимиз иштирок этди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон–Италия муносабатларига бағишланган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Италиялик таниқли ношир Сандро Тетти “Темур тузуклари” ва “Бобурнома” китоблари бўйича фикр-мулоҳаза билдириб, ушбу асарларнинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Амир Темур ва темурийлар даврининг жаҳон цивилизациясидаги ўрни, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий мероси, қолаверса, Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги тарихий алоқалар муҳокама қилинди.

Темурийлар даври билан шуғулланувчи Европадаги етакчи тадқиқотчиларидан бири, Неаполь Шарқ университети профессори, “Евроосиё тадқиқотлари” журнали муҳаррири Микеле Бернарди Амир Темур сиймоси ҳақида тўхталиб, Соҳибқироннинг нафақат саркарда, балки мураккаб сиёсий-маданий жараёнларни бошқаришга қодир давлат арбоби сифатида қобилиятлари тўғрисида ҳам сўз юритди.

Профессор ўзининг “Тамерлано” номли янги китобини ҳам тақдим этиб, темурийлар даври давлатчилик анъаналари, санъати ва кўплаб ютуқлари бутун дунёга ёйилганини қайд этди.

Неаполь Шарқшунослик университети профессори Лоренцо Публичи ўзининг “Мўғуллар тарихи” ва “Ўрта асрларда Европа ва Осиё чорраҳаси” номли китобларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобурийлар сулоласи фаолиятига тўхталиб, темурийлар меросининг Ҳиндистон ҳамда Евроосиё ҳудудига қай тарзда тарқалгани хусусида маълумот берди.

Болонья университети профессори Андреа Зинзани ўзининг “Қадимги Самарқанд сув таъминоти тизими” асарида темурийлар даврида Самарқанднинг ривожланиши ҳақида сўз юритар экан, ирригация, инфратузилма ва шаҳарсозлик анъаналари туфайли шаҳар Марказий Осиёнинг йирик иқтисодий ва маданий марказига айланганини таъкидлади.

Ўз навбатида, таниқли ёзувчи Роландо Монтекальво ўзбек миниатюраси мисолида Темурийлар даврида миниатюра санъатининг гуллаб-яшнаганини қайд этди.

Учрашув якунида Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев мамлакатимизда Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланаётгани, хусусан, “Амир Темур ойлиги” доирасида пойтахт марказидаги Амир Темур хиёбонининг ободонлаштирилиши ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейининг қайта реконструкция қилинганини алоҳида эътироф этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш