Миср нашри: Амир Темур дунё ҳамжамияти эътиборидаги шахс
Март 30, 2026. 09:25 • 2 дақ
• 141
ҚОҲИРА, 30 март. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Сада аль-Балад” ахборот агентлиги Соҳибқирон Амир Темур ва унинг Ғарб маданияти ривожига таъсири ҳақида мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, Амир Темурнинг XV аср бошидаги фаолияти нафақат Осиё, балки Европага ҳам сезиларли таъсир кўрсатган.
Нашрнинг қайд этишича, Амир Темурнинг адолат ва бунёдкорликка асосланган сиёсати европаликларнинг Шарққа ва ислом оламига бўлган муносабатини ўзгартирган.
“Кўпгина босқинчилардан фарқли ўлароқ, унинг ёндашуви варварлик ҳақидаги стереотипларни йўқ қилишга ёрдам берди ва Шарқ цивилизациясига қизиқишни кучайтирди”, дея баён этади “Сада аль-Балад”.
Шу билан бирга, нашрда Амир Темур давлатидаги бошқарув тамойиллари, жумладан, дин ва ҳокимиятнинг бир-биридан фарқланиши Европада дунёвий таълим ва илм-фан ривожига таъсир кўрсатган омиллардан бири бўлгани ҳақида сўз боради.
Мақолада Амир Темур сиймоси Европа маданиятида ҳам ўз аксини топгани, унинг образи ёзувчилар ва драматургларни илҳомлантиргани таъкидланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси