Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Декабрь 15, 2025. 16:52 • 2 дақ
• 156
ВАТИКАН, 15 декабрь. /“Дунё” АА/. Ватиканнинг Ҳаворийлар саройида Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Фаррух Турсунов Рим Папаси Лев XIVга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида элчи Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, демократик институтларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтди. Ўзбекистон Президенти номидан Рим папасига самимий салом ва энг эзгу тилакларини етказди.
Рим папаси Лев XIV Ўзбекистон Президенти ва халқига чуқур ҳурмат-эҳтиромини изҳор этди. У Ўзбекистон ва Ватикан ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 33 йил давомида турли миллат ва дин вакиллари ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қаратилган мустаҳкам ҳамкорлик салоҳияти шаклланганини таъкидлади.
Шунингдек, у Самарқанднинг Шарқ ва Ғарб дунёсига таъсир кўрсатадиган фалсафий ва диний тафаккурнинг йирик маркази сифатидаги аҳамиятига алоҳида эътибор берди. Ўзбекистон анъанавий равишда динлараро тотувлик ва бағрикенглик тамойилларини илгари суриш тарафдори экани, бу борадаги халқаро ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.
Учрашув якунида Рим папаси Лев XIV ўзбек халқининг гуллаб-яшнаши учун ибодат қилишини таъкидлаб, Ўзбекистон ва Ватикан ўртасидаги дўстлик ва конструктив ҳамкорлик янада мустаҳкамланишини тилади.
Эслатиб ўтамиз, Фаррух Турсунов Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси ҳисобланади. 2024 йил 9 апрель куни дипломат Испания Қироли Филипп VI га ишонч ёрлиқларини топширган.
Бундан ташқари, дипломат ўриндошлик асосида Ўзбекистоннинг Андоррадаги элчиси ҳисобланади. 2025 йил 11 март куни у Андорра ҳамраиси, Франция Президенти Эммануэл Макронга ишонч ёрлиқларини топширган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади
Буюк Британиялик журналистга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди