Logo

Ўзбекистонда фуқаро ва тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги механизмлар жорий этилади

Декабрь 17, 2025. 18:42 • 2 дақ

101
Ўзбекистонда фуқаро ва тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги механизмлар жорий этилади

ТОШКЕНТ, 17 декабрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун фуқаро ва тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш масалаларига оид тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йилда ўзининг 30 йиллигини нишонлаётган Конституциявий суд фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар бажарилди. Жумладан, 2021 йилда Конституциявий суд тўғрисидаги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, самарали конституциявий назорат тизими йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, Конституциявий суд ўз ваколатларини тўлақонли амалга оширишини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлиб, мазкур йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш тақозо этилмоқда.

Тақдимотда бу борадаги таклифлар кўриб чиқилди.

Жумладан, Конституциявий суд томонидан ҳар йили мамлакатда конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича тақдим этиб бориладиган таклиф ва тавсияларни амалга оширишнинг самарадорлиги оширилади.

Бунда Конституциявий суд томонидан фуқаро ва тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиб-таомиллари мақбуллаштирилади, сансалорликлар бартараф этилади.

Шунингдек, “конституциявий шикоят” институти самарадорлигини ошириш ва мурожаат этувчиларнинг суд ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд ишида қўлланилган қонун Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган тақдирда тегишли суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш тартибини жорий этиш таклиф қилинди.

Тақдимотда Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, Конституциявий суд мажлисларида масофадан онлайн тарзда иштирок этиш, суд мажлисларини интернет орқали трансляция қилиб бориш, вазирлик ва идоралар ўртасида электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Конституциявий суднинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, хорижий мамлакатларнинг конституциявий судлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Суднинг Осиё конституциявий судлари ассоциациясига раислиги доирасида мамлакатимизда ва хорижда қатор халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш