Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси йилнинг биринчи чорагида 18 миллиард долларга етди
Май 06, 2026. 11:25 • 2 дақ
• 422
ТОШКЕНТ, 6 май. /“Дунё” АА/. 2026 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси барқарор ижобий ўсиш суръатини намоён этиб, 18 миллиард АҚШ долларига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси бўйича кўрсаткичи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 фоизга ошган. Хусусан, ташқи савдо айланмаси ҳажмида: экспорт – 5,8 миллиард АҚШ доллари (-29,3 %), импорт – 12,2 миллиард АҚШ доллари (+30,8 %)ни ташкил этди.
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон жаҳоннинг 170 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширди. Шундан, ташқи савдо айланмасининг юқори улуши Хитой (25,6 %), Россия (18,2 %), Қозоғистон (7,2 %), Туркия (3,6 %) ва Афғонистон (2,8 %) ҳиссасига тўғри келди.
Ташқи савдо айланмаси ҳажми бўйича топ-10 мамлакат:
Хитой – 4,6 миллиард доллар,
Россия – 3,3 миллиард доллар,
Қозоғистон – 1,3 миллиард доллар,
Туркия – 653,4 миллион доллар,
Афғонистон – 508 миллион доллар,
Франция – 488,9 миллион доллар,
Корея Республикаси – 463,6 миллион доллар,
БАА – 458,7 миллион доллар,
Туркманистон – 357,5 миллион доллар,
Германия – 304,8 миллион доллар.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида Осиё ва МДҲ мамлакатларининг юқори улуши сақланиб қолмоқда. Бу ҳолат уларнинг географик яқинлиги, логистика инфратузилмасининг ривожлангани ва иқтисодий ҳамкорликнинг чуқурлашуви билан изоҳланади.
Шу билан бирга, европалик ҳамкорларнинг иштироки ортиб бораётгани ташқи иқтисодий алоқаларнинг янада диверсификация қилинаётганидан далолат беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси