Logo

Бухарестда Ўзбекистон ва Руминия ишбилармон доираларининг давра суҳбати бўлиб ўтди

Апрель 05, 2026. 10:00 • 2 дақ

222
Бухарестда Ўзбекистон ва Руминия ишбилармон доираларининг давра суҳбати бўлиб ўтди

БУХАРЕСТ, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Руминиянинг оммабоп «Bucuresti business» и «Diplomatic Life»  электрон порталларида Ўзбекистон ва Руминия ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Бухарест муниципияси Савдо-саноат палатасида (CCIB) икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида ўтказилган “Romania – Uzbekistan Business Round Table” давра суҳбати тафсилотлари баён этилган.

Қайд этилишича, тадбирда Руминия инвестициялар ва ташқи савдо агентлиги (ARICE) вакиллари ҳамда саноат, қишлоқ хўжалиги, IT, чакана савдо ва мудофаа соҳаларида фаолият юритувчи йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этдилар. Мулоқот чоғида CCIB президенти Юлиу Стоклосу Руминия ва Ўзбекистон иқтисодиёти бир-бирини тўлдирувчи имкониятларга эга эканини, бу эса рақобатбардош товар ва хизматлар алмашинуви учун мустаҳкам пойдевор бўлишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Руминиянинг Европа Иттифоқи бозорига чиқишдаги стратегик дарвоза сифатидаги ролига тўхталиб, бевосита мулоқот барқарор бизнес шериклигини қуришнинг биринчи муҳим қадами эканини қайд этди. Элчихонанинг иқтисодий ҳамкорлик бўлими раҳбари Мирзоҳид Алиқулов томонидан Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ва сўнгги ислоҳотлар ҳақида тақдимот ўтказилди.

Руминиялик тадбиркорлар жорий йилнинг 16-19 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумига (TIIF) таклиф этилди. Шунингдек, Руминия томони “Invest Romania” дастури доирасида ўз мамлакатининг чет эллик сармоядорлар учун жозибадорлиги ва халқаро миқёсда илгари сурилаётган лойиҳалари ҳақида маълумот берди.

Тадбир якунида ўтказилган нетворкинг сессияси икки мамлакат компанияларига тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ва келажакдаги қўшма иқтисодий шерикликларга йўл очиш имконини берди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш