“The World News”: Қорақалпоғистонда халқаро стандартларга жавоб берадиган Орол логистика маркази ташкил этилади

ИСЛОМОБОД, 22 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “The World News” электрон нашри “Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди” сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари бўйича ўтказилган йиғилиш тафсилотлари қаламга олинган.
Тақдимотда сўнгги йилларда Қорақалпоғистон иқтисодиётида сезиларли ўзгаришларга эришилгани қайд этилди. Жумладан, 8 йил олдин ҳудуд иқтисодиёти аҳоли жон бошига ҳажм бўйича энг охирги ўринда бўлган бўлса, бугун 7-ўринга кўтарилди. Саноат маҳсулотининг атиги 4 фоизи экспортга чиққан бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 30 фоизга етди. Умумий экспорт 2016 йилга нисбатан 3,5 карра ошиб, 2,1 миллиард доллар бўлди.
Келгуси 5 йилда ҳудуд иқтисодиётини 102,5 триллион сўмга (2025 йилда 54,3 триллион сўм бўлган), аҳоли жон бошига эса 51 миллион сўмга етказиш, саноат ва хизматлар соҳасида 7,2 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Барча имкониятларни ишга солиб, саноат, хизматлар ва туризм экспортини 900 миллион долларга етказиш муҳимлиги таъкидланди (2025 йилда 435 миллион доллар бўлган).
Нашрда, шунингдек, жорий йил якунига қадар ишсизлик даражасини 4,2 фоизгача, камбағалликни 3,2 фоизгача пасайтириш, Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилингани таъкидланган.
“Тақдимотда инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудудга аввал берилган имтиёзлар муддатини узайтириш таклифи билдирилди. Президентимиз ушбу таклифни қўллаб-қувватлади. Қорақалпоғистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 2,5 баробар ошириш (2025 йилда 2,5 миллиард доллар бўлган) мақсад қилингани қайд этилди”, – дейилади манбада.
Йиғилишда Давлат Раҳбарига ҳудуд учун ишлаб чиқилган йирик инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Туризмни ҳудуднинг асосий драйверларидан бирига айлантириш зарурлиги таъкидланди.
Хусусан, “Борса келмас” туз кони ҳудудида туризм-рекреацион зонаси, Оролбўйи ва Устюрт платосида Марс сайёраси манзарасини эслатувчи нуқталарда глэмпинг зоналари ташкил этилади. Орол денгизи қуриши оқибатларини бутун дунёга намойиш қилиш учун Орол денгизи тарихи музейи замонавий технологиялар асосида модернизация қилинади.
“Бу ишлар ҳисобига жорий йилда Қорақалпоғистонга 500 минг хорижий ва 3 миллион маҳаллий сайёҳ жалб этиш вазифаси қўйилди. Машҳур туроператорларга ҳудуднинг жозибадорлигини ошириш учун қўшимча имтиёзлар жорий қилинади. Шунингдек, 2027 йил якунигача Қўнғиротда халқаро стандартларга жавоб берадиган «қуруқ порт» мақомига эга Орол логистика марказини ташкил этиш вазифаси қўйилди”, – дея маълум қилади Покистон электрон нашри.
“The World News” мақоласи «Йиғилиш якунида Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда белгиланган марраларга эришиш учун барча имконият ва ресурсларни тўлиқ ишга солиш, ҳар бир туман ва маҳаллада аниқ ҳисоб-китоб ҳамда манзилли ёндашув асосида иш ташкил этиб, аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий натижасини тезроқ таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди”, – деган сўзлар билан якунланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
