Logo

Рамлада Ўзбекистон-Исроил савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкорлигини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди

40
Рамлада Ўзбекистон-Исроил савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкорлигини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди
Рамлада Ўзбекистон-Исроил савдо-иқтисодий ва маданий ҳамкорлигини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди

РАМЛА, 22 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Исроилнинг Рамла шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Рамла шаҳри мэри Михаэль Видаль, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.

Учрашувда томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Исроил шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Рамла мэри шаҳарнинг ривожланишида ўзбекистонликларнинг ҳиссаси катта эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, жамоа вакиллари ўзбек халқига хос меҳнатсеварлик, яқинларга ҳурмат ва бунёдкорликка интилишни сақлаб қолган ҳолда, Исроилда ушбу фазилатларни муваффақиятли қўллаб, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистон элчиси Жаҳонгир Аминов Президентимиз раҳбарлигида республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, яратилган қулай инвестиция муҳити, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва икки томонлама ишбилармонлик ҳамкорлиги учун янги имкониятлар ҳақида маълумот берди. Таълим, туризм ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Рамлада истиқомат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.

Исроил томонига ўзбек халқининг буюк намояндалари - Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой маънавий ва тарихий мероси ҳақида батафсил ва мазмунли маълумот берилди. Уларнинг жаҳон адабиёти, давлатчилик анъаналари ва умумбашарий маданият ривожига қўшган улкан ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.

Бундан ташқари, томонлар Рамла муниципалитети билан ҳамкорликда анъанавий Наврўз байрамини ўтказиш юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув якунида мамлакатимизнинг экспорт ва инвестициявий салоҳияти билан таништириш мақсадида Исроил ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишиб олинди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш