"Eurasia Magazine": Давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари Марказий Осиёнинг янги архитектурасини шакллантирмоқда
Ноябрь 25, 2025. 17:58 • 2 дақ
• 40
БУДАПЕШТ, 25 ноябрь. /"Дунё" АА/. Венгриянинг нуфузли "Eurasia Magazine" журналида "Чегарасиз мулоқот: Марказий Осиё давлатлари ҳамкорликни қандай мустаҳкамламоқда?" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов ҳамда шу муассаса етакчи илмий ходими Шаҳло Хамраходжаева муаллифлигидаги ушбу мақолада Марказий Осиё минтақасининг ривожланиши ва бунда мамлакатимизнинг тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтилган.
Мақолада таъкидланишича, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари минтақавий ҳамкорликни ҳар томонлама чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қатъий интилиб келмоқда. Сиёсий ишонч ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик минтақа давлатларига қийинчиликларни мустақил равишда енгиб ўтиш ва ўзаро ҳамкорликнинг ўзига хос, самарали моделини шакллантириш имконини бермоқда. Бу борада Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари Марказий Осиёнинг янги архитектурасини шакллантириш учун муҳим майдонга айланмоқда.
Жорий йилда Тошкентда ўтказилган давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувлари ҳам "Янги Марказий Осиё: бирдамлик, барқарорлик ва фаровонлик макони" шиори остида юксак савияда ташкил этилди. Ушбу нуфузли тадбир минтақавий янгиланишлар фалсафасини тўлиқ акс эттирган ҳолда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди.
Бугунги кунда Марказий Осиё йилига 6 фоиз атрофида барқарор саноат ўсишини намойиш этмоқда, бу эса жаҳоннинг ўртача кўрсаткичидан икки баравар юқори. Бунга қўшма корхоналар ва инвестиция фондларининг (ўзбек–қирғиз, ўзбек–тожик, қозоқ–қирғиз) ишга туширилиши, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги лойиҳаларнинг ривожлантирилиши ёрдам бермоқда. Кичик ва ўрта бизнеснинг ўсишини рағбатлантирувчи чегараолди савдо зоналари ҳамда халқаро саноат кооперацияси марказлари фаол ривожланмоқда.
"Сўнгги йиллардаги иқтисодий натижалар танланган моделнинг самарадорлигини тасдиқлайди. Жумладан, минтақа мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти саккиз йил ичида қарийб 2,5 баробар ўсиб, 520 миллиард долларга етди, ташқи савдо ҳажми эса икки баробарга ошиб, 253 миллиард долларни ташкил этди. Минтақа ичидаги савдо ҳажми икки баробарга кўпайиб, 11 миллиард доллардан ошди, ўзаро инвестициялар ҳажми эса 5,6 баробар ўсди", – дея маълумот берилган "Eurasia Magazine" нашрида.
Шунингдек, мақолада айтилишича, Марказий Осиё Евроосиёнинг муҳим транспорт-транзит маркази мақомини қайта тиклаш учун ноёб имкониятга эга бўлмоқда. Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган минтақанинг географик жойлашуви барқарор савдо ва логистика оқимларини шакллантириш учун қулай шароит яратади. Бу борада Ўзбекистон минтақани халқаро транспорт йўлакларига интеграция қиладиган йирик лойиҳа ва ташаббусларни илгари сурмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди
Украина ОАВ: Ўзбекистонда хусусий клиникаларни қўллаб-қувватлаш ривожлантирилади