Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
Ноябрь 27, 2025. 08:00 • 2 дақ
• 98
ДУШАНБE, 27 ноябрь. /«Дунё» АА/. Душанбе шаҳрида «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» мавзусида Марказий Осиё мамлакатлари аёллар мулоқоти форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур халқаро форумда Марказий Осиё давлатлари парламентларининг аёл вакиллари, фаол хотин-қизлар, қатор халқаро ташкилотларнинг эксперт ва мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистондан – Олий Мажлис Сенати аъзоси Жамила Бобаназарова ҳамда Оила ва хотин қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова ҳам қатнашди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади – барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни таъминлаш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда аёлларнинг фаол иштирокини ошириш, тажриба алмашиш, соҳада ҳамкорликни кенгайтириш бўйича самарали мулоқотни йўлга қўйишдир.
Мулоқот жараёнида аёллар лидерлиги орқали эришилган ютуқлар, фаол аёллар ва ёшларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, аёлларини қўллаб-қувватлашда таълим ва тадбиркорликнинг ўрни каби йўналишларда масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон делегацияси вакиллари сўнгги вақтларда жаҳонда содир бўлаётган сиёсий инқироз ва низолар натижасида аёлларга нисбатан дискриминация ҳолатлари кузатилаётганини таъкидлаб, бу борада шу каби халқаро миқёсдаги тадбирларнинг ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Шунингдек, жорий йилнинг 12 ноябрь куни Тошкент шаҳрида «Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлашда глобал ҳамда минтақавий ёндашувлар» мавзусида ўтказилган халқаро форум юқори даражада ташкил этилгани эътироф этилди.
Ўзбекистон вакилларининг мазкур мулоқот доирасида тинчлик ва хавфсизликни қўллаб қувватлаш, гендер тенглигини таъминлаш ҳамда ташкилий ва институционал жиҳатдан такомиллаштириш борасида билдирган ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро учрашув давомида Гендер истиқболларини миллий сиёсатга интеграция қилиш, рақамли инклюзивликни кенгайтириш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш ҳамда атроф-муҳит барқарорлиги ва тинчлик ўрнатишда аёллар етакчилигини кучайтириш бўйича фикр мулоҳазалар алмашилди.
Гендер тенглик ва аёлларни қўллаб-қувватлаш соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар қабул қилинди.
Экспертлар Ўзбекистоннинг 2026 йилда Марказий Осиё мамлакатлари аёллар мулоқоти форумига раислик қилиши ҳамда ушбу нуфузли тадбирнинг юксак савияда ўтказилишига ишонч билдиришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди
Украина ОАВ: Ўзбекистонда хусусий клиникаларни қўллаб-қувватлаш ривожлантирилади