Logo

Сингапур ОАВ: Ўзбекистон давлат бошқаруви соҳасида замонавий геопорталлар жорий этилмоқда

Ноябрь 25, 2025. 19:00 • 2 дақ

81
Сингапур ОАВ: Ўзбекистон давлат бошқаруви соҳасида замонавий геопорталлар жорий этилмоқда

СИНГАПУР, 28 ноябрь. /“Дунё” АА/. Сингапурнинг нуфузли “Governance Matters Magazine” нашрида Ўзбекистон давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сингапурда жойлашган нуфузли “Chandler Institute of Governance” (CIG) халқаро ташкилоти томонидан нашр этиладиган “Governance Matters Magazine” журналида ёзилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқарув тизимида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда, соҳада замонавий геопорталлар жорий этилмоқда.

Мақолада таъкидланишича, шу йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган БМТнинг Давлат хизматлари форуми доирасида Сингапурнинг “Chandler Institute of Governance” компанияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан англашув меморандумини имзолаган.

Ушбу ҳужжат давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, ахборот алмашинуви, таълим ва малака ошириш йўналишларида амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

“Мамлакатда 11 мингдан ортиқ мактаб ва минглаб тиббиёт муассасаларини қамраб олган йирик хариталаш лойиҳаси амалга оширилиб, мазкур маълумотлар асосида ижтимоий инфратузилмаларни режалаштириш учун замонавий геопортал ишлаб чиқилган”, – деб ёзилган Сингапур нашрида.

Материалда айтилишича, ўзбек фуқароларининг давлат хизматлари сифати ва мавжуд камчиликлари бўйича фикр билдириш имконияти яратилган. Ва бу бўйича мониторинг ишлари амалга оширилиб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш борасида самарали ҳаракатлар бажарилмоқда.

Мақола хулосасида Ўзбекистоннинг 2024 йилда БМТнинг “E-Government” индексида юқори тоифага киритилгани ҳамда Жаҳон банкининг “GovTech” индексида 37 поғона тепага кўтарилгани қайд этилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш