Logo

Ўзбекистон ва Фижи ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда янги босқичга кўтарилади

Август 12, 2025. 09:30 • 2 дақ

85
Ўзбекистон ва Фижи ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда янги босқичга кўтарилади

СУВА, 12 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Фижидаги элчиси (қароргоҳи Токио шаҳрида жойлашган) Мухсинхўжа Абдураҳмонов Сува шаҳрида ушбу мамлакат раҳбарияти билан самарали музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, Фижи Бош вазири – ташқи ишлар вазири Ситивени Рабука билан кечган учрашувда икки мамлакат ўртасидаги шерикликни барча жабҳада янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Бош вазир – ташқи ишлар вазири Ситивени Рабука Ўзбекистоннинг Фижидаги биринчи элчиси тайинланиши икки мамлакат ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилиши билдирди.

У, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, таълим ва туризм йўналишларида фойдаланилмаган катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган ҳолда, Фижи ушбу йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди.

Музокаралар давомида мамлакатимиздан тўқимачилик маҳсулотлари ва қуритилган меваларни ушбу давлатга экспорт қилиш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш, ўзаро савдо-миссияларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Фижи Бош вазири – ташқи ишлар вазири Ўзбекистон билан БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида томонларни қизиқтирган масалалар, жумладан, глобал тинчлик, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш йўналишлари бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини ҳам тасдиқлади.

Шунингдек, учрашув давомида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан муҳим масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш, виза режимини соддалаштириш, ўзаро ташрифларни амалга ошириш хусусида фикр алмашилди.

Ўзбекистон элчиси, шунингдек, Фижи Бош вазирнинг ўринбосари- туризм ва фуқаро авиацияси вазири Вилиаме Рогоибулу Гаваока билан музокаралар ўтказди.

Вазир Вилиаме Рогоибулу Гаваока Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ўзининг ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарлари, бой тарихи, маданияти ва замонавий туризм инфратузилмаси билан жаҳон туризм бозорида мустаҳкам ўринга эга эканини таъкидлади.

Учрашув давомида туризм бозорини диверсификация қилиш, янги туризм йўналишларини яратиш, туризм хизматлари маркетинги ҳамда барқарор туризм йўналишлари бўйича ўзаро тажриба алмашиш, академик алмашинувларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

"БМТ Туризм" ташкилоти ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш