Франциянинг AMOPA ассоциацияси Ўзбекистон таълим муассасаларига китоб ва ўқув-методик қўлланмалар кўринишида грант ажратди
Ноябрь 17, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 120ПАРИЖ, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ва Франция Академик хизматлар ордени аъзолари ассоциацияси (Association des Membres de l’Ordre des Palmes Académiques – AMOPA) ўртасида эришилган келишувларга мувофиқ, мамлакатимиз таълим муассасаларига француз тилидаги ўқув ва бадиий адабиётлар кўринишидаги грант ажратилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Грант Ассоциациянинг “Le Don du livre 2025” (“Китоб ҳадяси – 2025”) халқаро дастури доирасида беғараз асосда тақдим этилди. Китоблар Париж – Тошкент рейси орқали Ўзбекистонга жўнатилди.
Мазкур ташаббус мамлакатимиз таълим муассасаларининг ўқув-методик базасини бойитиш, француз тилини ўқитиш сифатини ошириш, ёшларнинг чет тилларини ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Франция ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.
AMOPA Франциянинг таълим соҳасидаги нуфузли жамоат бирлашмаларидан биридир. У таълим ва илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссаси учун “Академик хизматлар” ордени билан тақдирланган педагоглар, олимлар ва таълим соҳаси вакилларини бирлаштиради.
“Le Don du livre” дастури Ассоциация томонидан 1992 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. У бутун дунёда француз тили ва франкофонияни қўллаб-қувватлаш, таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда халқаро маданий-маърифий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Грант доирасида Ўзбекистонга топширилган китоблар Франциянинг “Hatier”, “Magnard” ва “Nathan” етакчи таълим нашриётларида чоп этилган. Улар мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва техникумларга мўлжалланган.
Тўпламдан француз тили, грамматика, математика ва бошқа фанлар бўйича ўқув қўлланмалар, иш дафтарлари, болалар адабиёти, педагоглар учун методик материаллар, шунингдек, бадиий ва илмий-оммабоп асарлар ўрин олган.
Бундан ташқари, тўпламга Мольер, Вольтер, Виктор Гюго, Оноре де Бальзак ва Эмиль Золя каби жаҳонга машҳур француз ёзувчиларининг асарлари, уларнинг изоҳли нашрлари, шунингдек, ўқувчиларни имтиҳонларга тайёрлаш учун мўлжалланган қўлланмалар ҳам киритилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

