Ўзбекистон ва Буюк Британия ОТМлари ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Июль 08, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 56
ЛОНДОН, 8 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида ушбу мамлакатнинг нуфузли “Robert Gordon University” олий таълим муассасаси проректори Дункан Кокберн билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Буюк Британия олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик мобиллигини ошириш, қўшма таълим дастурларини ҳаётга татбиқ этиш, илмий-тадқиқот лойиҳалари ҳамда халқаро грантлар доирасида ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, қўшма илмий конференциялар ва семинарлар ташкил этиш, малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Буюк Британия университетлари ўртасида шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган амалий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга оширишга келишиб олинди.
1992 йилда асос солинган “Robert Gordon University” Буюк Британиядаги давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Ҳозирги кунда университетда 15 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда, профессор-ўқитувчилар сони эса 1,7 мингдан зиёд.
Мазкур ОТМ муҳандислик, архитектура, ахборот технологиялари, бизнес бошқаруви, ижтимоий фанлар ва соғлиқни сақлаш йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайди. Университет нуфузли “Times Higher Education” халқаро рейтингида 801–1000-ўринлар оралиғида, “QS World University Rankings 2027” рейтингида эса 1001–1200-ўринлар оралиғида жой олган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси