БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентлар ролини оширишга қаратилган резолюцияни қабул қилди
Июль 27, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 105НЬЮ-ЙОРК, 25 июль. /“Дунё” АА/. БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Дунёнинг барча минтақаларидан БМТга аъзо 61 та давлат мазкур резолюцияга ҳаммуаллиф бўлди. Бу Ўзбекистоннинг ижтимоий кун тартибини илгари суриш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлар ролини мустаҳкамлашга оид ташаббуси халқаро майдонда кенг қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.
Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов мазкур ташаббус Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизнинг глобал ижтимоий тараққиёт кун тартибини илгари суриш ҳамда халқаро ҳамкорликнинг парламент ўлчовини мустаҳкамлашга қўшган амалий ҳиссаси сифатида илгари сурилганини таъкидлади.
Резолюцияда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг миллий қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя тизимларини кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, муносиб меҳнатни таъминлаш, сифатли таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ижтимоий интеграцияни рағбатлантиришдаги ҳал қилувчи ўрни алоҳида эътироф этилган.
Ҳужжатда хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий тараққиёт манфаатлари йўлида рақамли трансформация имкониятларидан самарали фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Шу билан бирга, Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси муваффақиятли ўтказилгани ва ижтимоий тараққиёт ҳамда адолат манфаатларида парламентлар ҳаракатига оид Тошкент декларацияси қабул қилингани юқори баҳоланган.
Резолюцияда БМТга аъзо давлатлар парламентларни 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнларига, жумладан, ихтиёрий миллий ҳисоботларни тайёрлашга, миллий мажбуриятлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтиришга ҳамда фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни кенгайтиришга фаолроқ жалб этишга чақирилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда парламент аъзоларининг БМТнинг йирик анжуманларидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда ижтимоий тараққиёт соҳасида эришилаётган натижаларни баҳолаш самарадорлигини ошириш мақсадида миллий статистика тизимларини такомиллаштириш тавсия этилган.
Мазкур резолюциянинг қабул қилинишига Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан олиб борилган фаол дипломатик саъй-ҳаракатлар замин яратди. Музокаралар жараёнида қатор расмий маслаҳатлашувлар ва икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, БМТ ҳужжатларининг универсаллик тамойилларига ҳамда барча аъзо давлатлар манфаатларига жавоб берадиган мувозанатли матн ишлаб чиқилди.
Резолюциянинг қабул қилиниши Давлатимиз раҳбари ташаббуслари халқаро миқёсда юксак эътироф этилаётганини, шунингдек, мамлакатимизнинг глобал ижтимоий адолат ва барқарор тараққиётни таъминлашдаги фаол ролини яна бир бор тасдиқлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







