Лондонда Буюк Британиянинг етакчи компанияси раҳбарияти билан виртуал стажировкалар соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Апрель 27, 2026. 22:00 • 2 дақ
• 449
ЛОНДОН, 27 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов “Virtual Internships” муассасаси ижрочи директори Дэниел Ниверн билан мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида таълим ва ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Асосий эътибор халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг амалий кўникмаларини ошириш ва уларни замонавий касбларга йўналтириш масалаларига қаратилди.
Дэниел Ниверн “Virtual Internships” дастурларининг географияси ва қамрови ҳақида батафсил маълумот берар экан, ушбу платформа ўзбек ёшлари учун халқаро муҳитда ишлаш кўникмаларини ривожлантириш ва касбий компетенцияларини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Масофавий тажриба орттириш талабаларга етакчи хорижий компаниялар тажрибасини бевосита Ўзбекистонда туриб ўрганиш ва инглиз тили кўникмаларини амалиётда қўллаш имконини беради.
Учрашув давомида Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабаларини ушбу дастурларга кенг жалб этиш ва ҳамкорликнинг ташкилий жиҳатларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
2018 йилда ташкил этилган “Virtual Internships” – талабалар ва ёш мутахассисларга дунёдаги энг нуфузли компанияларда масофавий тарзда иш тажрибаси орттириш имконини берувчи халқаро платформадир. Ушбу муассаса ёшлар учун жойлашувидан қатъий назар, 4 ҳафтадан 16 ҳафтагача давом этадиган халқаро стажировка дастурларини тақдим этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси