Ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар учун Германияда махсус ёзги ўқув курслари ташкил этилиши режалаштирилмоқда

Июнь 01, 2026. 16:25 • 2 дақ

46
Ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар учун Германияда махсус ёзги ўқув курслари ташкил этилиши режалаштирилмоқда

ФРАЙБУРГ, 1 июнь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Фрайбург шаҳрида Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари, Швейцариянинг “Swiss Cham Asia” ташкилоти президенти Урс Ластенбергер ҳамда “Singularity Academy” институти президенти Йинг Занг ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида томонлар илмий изланишлар, сармоя ва таълим соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Мулоқотнинг асосий йўналишларидан бири сифатида илмий-тадқиқот соҳасидаги ҳамкорлик белгиланиб, экспертлар “Ўрта коридор” халқаро транспорт маршрутини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг Осиё ва Европани боғловчи транзит маркази сифатида тутган геостратегик ўрнини биргаликда илмий ўрганиш ташаббусини илгари сурдилар.

Сармоявий шерикликнинг устувор йўналишлари сифатида, соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистонга илғор рақамли технологияларни олиб кириш ҳамда оғир дардга чалинган беморларни даволаш учун юқори технологияли тиббий ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт масканини очиш кўриб чиқилди.

Шунингдек ўқинг

Энергетика соҳасида мамлакатимиз энергетика тизимида қайта тикланувчи ва “яшил” энергетика манбаларини ривожлантириш ҳамда тармоқ самарадорлигини оширишга қаратилган молиявий ва технологик қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини илгари суриш баён этилди.

Шунингдек, томонлар ёшлар сиёсати ва таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар ва мутахассислар учун Германияда ёз мавсумида махсус ўқув курслари ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Музокаралар якунида томонлар илмий-тадқиқот, Ўзбекистонга сармояларни жалб этиш ва таълим йўналишларида эришилган юқоридаги келишувларни яқин келажакда амалиётга жорий этиш босқичларини ишлаб чиқиш ҳамда мазкур йўналишларда қўшимча мулоқотлар ўтказишга келишиб олдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш