Ўзбекистон элчиси Қозоғистоннинг "Достық" ордени билан тақдирланди
Август 16, 2024. 09:38 • 2 дақ
• 1071
ОСТОНА, 17 август. /"Дунё" АА/. Остонадаги дипломатик миссиясини якунлаётган Ўзбекистон элчиси Саидикром Ниёзхўжаев 15 август куни Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу томонидан қабул қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Қозоғистон ТИВ маълумотига кўра, учрашув чоғида вазир икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 7-8 август кунлари Остона шаҳрига амалга оширган тарихий давлат ташрифи якунлари кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди.
Қозоғистон Президентининг фармонига мувофиқ, вазир амалга оширилган улкан ишлар ва элчининг икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун Саидикром Ниёзхўжаевни олий давлат мукофоти – II даражали "Достық" ордени билан тақдирлади ва унинг келажакдаги фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон элчиси ўз навбатида, Қозоғистон раҳбарияти томонидан унинг фаолиятига берилган юксак баҳо учун чуқур миннатдорлик билдириб, ўзбек-қозоқ муносабатлари дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик руҳида янада изчил ривожланиб боришига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Саидикром Ниёзхўжаев 2018 йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси этиб тайинланган эди. Бунга қадар у Ўзбекистон Президенти Администрацияси ва турли давлат органларида масъул лавозимларда, жумладан, Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, иқтисодиёт вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган. Шунингдек, Саидикром Ниёзхўжаев 2015-2018 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ҳам фаолият олиб борган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади