Япониянинг етакчи компанияси президенти Ўзбекистоннинг Хирошима шаҳридаги Фахрий консули этиб тайинланди
Ноябрь 18, 2024. 08:53 • 3 дақ
• 429
ХИРОШИМА, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. Япониянинг "Balcom Group" компанияси президенти Тецуро Ямасакани Ўзбекистоннинг Хирошима шаҳридаги Фахрий консули этиб тайинлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Фахрий консул Ўзбекистон иқтисодий дипломатия сиёсатини фаол илгари суриш, Япония билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Тадбирда Хирошима префектураси губернатори Хидехико Юзаки, Хирошима префектураси Ассамблеяси спикери Такаши Накамото, Хирошима савдо-саноат палатаси раиси Кожи Икеда, Хирошима университети вице президенти Казухиро Цуга, префектура шаҳарлари мэрлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, ишбилармон доиралар вакиллари ва бошқалар иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов ўз нутқида "Balcom Group" компанияси президенти Тецуро Ямасака томонидан сўнгги йилларда мамлакатимизда бир қатор инвестициявий лойиҳалар амалга оширилганини, шунингдек, икки давлат ўртасида туризм ва маданий алмашинувлар йўналишида кўплаб тадбирларни ташкил қилганини таъкидланди.
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Япония ҳудудларида юртимизнинг инвестициявий, экспорт ва туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, маданий тадбирлар уюштириш ва ватандошларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тецури Ямасакани Ўзбекистон Фахрий консули этиб тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Хирошима префектураси Губернатори Хидехико Юзаки томонидан Ўзбекистон ва Японияни узоқ тарихга эга дўстона ҳамда ўзаро ишончга асосланган алоқалар боғлаб туришини таъкидлади. Мамлакатимизнинг Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлари япон сайёҳларида жуда катта қизиқиш уйғотиши, сўнгги йилларда Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар сони ҳам ошиб бораётгани қайд этилди.
Губернатор Хирошима шаҳрида ташкил этилаётган Фахрий консуллик ушбу префектуранинг Ўзбекистон ҳудудлари билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга катта ишонч билдирилди.
Фахрий консул Тецуро Ямасака ўз нутқида, ушбу масъулиятли лавозимга тайинлангани ва Ўзбекистон томонининг юксак ишончи учун миннатдорлик билдирди. "Фахрий консуллик округига кирувчи Хирошима, Фукуока ва Окаяма префектуралари ҳамда Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳисса қўшиш учун бор билим ва кучимни сарфлашга тайёрман", - деди у.
Шунингдек, Хирошима шаҳрида ташкил этиладиган Фахрий консуллик учун бино ажратилгани ва келгусида ушбу бинода ўзбек миллий маҳсулотлари "шоу-руми" ҳамда Савдо уйини ташкил этилиши маълум қилинди.
Бундан ташқари, Хирошима префектурасида "Ўзбекистон бренди"ни кенг тарғиб қилиш мақсадида ўзбек миллий таомлари ресторанини очиш ва туризм кўргазмасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси