Ўзбекистон элчиси Покистондаги Нақшбандия тариқати етакчиси билан учрашди
Ноябрь 11, 2024. 07:48 • 2 дақ
• 171
ИСЛОМОБОД, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистондаги Нақшбандия тариқати етакчиси шайх Муҳаммад Нақиб ур-Реҳман билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Покистон вакилига сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда маънавий маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўзлаб берилди. Ушбу жабҳада малакали кадрларни тайёрлаш бўйича комплекс тизим яратилгани қайд этилди. Улуғ аждодларимиз, олим ва уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш ҳамда оммалаштириш бўйича дастурлар ҳақида айтиб ўтилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби каби муассасалар фаолияти алоҳида урғуланди.
Шайх Муҳаммад Нақиб ур-Реҳман бундан бир неча йил олдин Ўзбекистонга қилган сафари илиқ эсга олди. Шунингдек, у Ўзбекистон Президентининг буюк мутафаккирлар меросини аҳоли, айниқса ёшлар орасида кенг тарғиб қилишга оид ташаббусларини, ёшларга муқаддас исломнинг асл моҳияти ва инсонпарвар ғояларини етказиш орқали уларнинг турли ёт ва экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак қадрлашини маълум қилди. "Мазкур йўналишда Ўзбекистонда ноёб тизим яратилган. Биз ушбу тажрибани ўрганишдан манфаатдормиз", - деди у.
Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Покистон вакилларининг юртимиздаги муқаддас қадамжоларга сафарини ташкил этишнинг муҳимлиги таъкидланди.
"Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистоннинг зиёрат туризм йўналишидаги имкониятлари чексиз. Мамлакатингизда жойлашган муқаддас қадамжолар ва тарихий обидаларни дунёнинг ҳеч бир бурчагидан топа олмайсиз. Хусусан, Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси ва Бухоро вилоятидаги "Етти пир" мажмуалари каби манзилгоҳлар нафақат Покистон, балки бутун дунё мусулмонлари учун азиз манзиллар ҳисобланади. Имом Бухорийнинг ислом тараққиётига қўшган ҳиссасини ортиқча таърифлашга ҳожат йўқ. У Ислом илмининг энг улуғ уламосидир. Шундай экан, бу улкан салоҳиятни тўлиқ ишга солиш, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсидаги нуфузини янада ошириш лозим", – деди Муҳаммад Нақиб ур-Реҳман .
Мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг истиқболлари ва келгуси режаларни муҳокама қилиш учун покистонлик уламолардан иборат делегациянинг Ўзбекистонга сафарини ишлаб чиқиш бўйича мулоқотни давом эттиришга аҳдлашиб олинди.
Учрашувда уламонинг ўғли, Ўзбекистоннинг Покистондаги зиёрат туризми бўйича элчиси Шайх Муҳаммад Ҳасан Ҳасиб ур-Раҳмон ҳам иштирок этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади