Токио шаҳридаги "Ассалом" жоме масжидига ўзбек тилидаги диний-маърифий китоблар топширилди
Июнь 01, 2024. 14:43 • 2 дақ
• 150
ТОКИО, 1 июнь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Япония пойтахтидаги "Ассалом" жоме масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тақдим этилган диний-маърифий адабиётлар тўпламини топширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Китобларни топшириш маросимида масжид имом-хатиби ва ўзбек диаспораси фаоллари иштирок этди.
Масжид кутубхонасига тақдим қилинган мазкур адабиётлар тўпламидан Қуръони Карим, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китоблари, "Тафсири ҳилол", "Бахтиёр оила" ва бошқа бир қатор муҳим китоблар ўрин олган.
"Ассалом" жоме масжиди имоми Муҳаммад Назирга халқлар ўртасидаги дўстлик ва тинчлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси ҳамда Ўзбекистон фуқароларига кўрсатаётган эътибор учун миннатдорлик билдирилди.
Иштирокчилар мамлакатимизда кўплаб йўналишлар қатори диний таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳа фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган дастурлар билан танишдилар.
Имом-хатиб Муҳаммад Назир Ўзбекистон маънавий меросининг бойлиги ва ранг-баранглигини яққол намоён этувчи ушбу китоблар тўплами учун миннатдорлик билдириш баробарида, улар масжидга келувчилар ўртасида миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. У, шунингдек, Токио марказий масжидини қайта қуриш режаси ҳақида маълум қилди. Қайд этилишича, масжид Тошкентдаги шундай мажмуалар асосида қурилиши режалаштирилган. Шу сабабли "Ассалом" жоме масжиди имоми мазкур жабҳадаги тажрибани ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюриш режаси борлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




