Ўзбекистон элчиси Испания Конгресси депутатлари билан икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди

Май 30, 2026. 17:00 • 2 дақ

77
Ўзбекистон элчиси Испания Конгресси депутатлари билан икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди

МАДРИД, 30 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов Испания Конгресси Маданият комиссияси вакили Мария Соледад Крус-Гусман Гарсия бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Испания ҳамкорлигини сиёсий, маданий-гуманитар ва парламентлараро соҳаларда янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари, шунингдек, Испанияда Ўзбекистоннинг маданий меросини тарғиб қилиш, икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қаратилган илмий-маданий тадбир ва лойиҳаларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон томони испаниялик парламентарийларга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижтимоий-маданий соҳалардаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Мария Соледад Крус-Гусман Гарсия бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиёда муҳим ўрин эгаллашини ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатнинг очиқлиги ва фаол ташқи сиёсати туфайли Испанияда унга нисбатан қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади.

Депутат Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланаётгани, турли даражалардаги икки томонлама мулоқот фаоллашгани, шунингдек, маданият, таълим, туризм ва гуманитар алмашинув соҳаларида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини қайд этди.

Шунингдек ўқинг

Испаниялик парламентарий жорий йил апрель ойида Мадрид ва Барселона шаҳарларида “Буюк Темурийлар тарихи ва маданий мероси” медиа-тадбирининг ҳамда “Буюк Амир ва Донна Мария” бадиий филми премьера намойишларининг ташкил этилгани ва муваффақиятли ўтказилганини юқори баҳолади.

Шунингдек, у Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек миллий анъаналари, санъати ва тарихий меросини Испания жамоатчилиги орасида оммалаштиришга қаратилган ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон-Испания муносабатлари ривожига хизмат қиладиган янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш