Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги соҳасида икки томонлама ҳамкорликни жадаллаштиради
Апрель 07, 2024. 07:55 • 2 дақ
• 335
РИМ, 7 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италия қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат суверенитети ва ўрмончилик вазирининг дипломатик маслаҳатчиси Чезаре Морбелли билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида ўтган йили июнь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Президентнинг Италияга расмий ташрифи доирасида икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида имзоланган қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумининг ижроси ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар ушбу ҳужжат икки мамлакат аграр ва озиқ-овқат соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим асос бўлишини таъкидладилар.
Италия томони ўтган йили сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижида бошчилигидаги Италия делегациянинг самарали иштирокини илиқ хотирлади ва мазкур тадбир Ўзбекистон томонидан юқори даражада ташкил этилганини қайд этди.
Сўнгги йилларда Италия қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва иқтисодий таҳлил кенгаши (CREA), Чорвачилик уюшмаси (AIA), Тушиа университети ва бошқа агробизнес компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланаётгани мамнуният билан таъкидланди.
Вазирлик вакили маҳаллий тадбиркорларимизнинг ҳар йили Италияда ўтказиладиган тадбирлар, шу жумладан, «Tuttofood», «McFruit», «Cremona» каби халқаро аграр ва озиқ-овқат кўргазмаларида ўз маҳсулотлари билан иштирокини олқишлади.
Италия томони, шунингдек, аграр соҳада технологик ҳамкорлик, инвестиция ва савдо масалаларида алоқаларни йўлга қўйишга тайёр эканлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси