Ханчжоу шаҳрида Ўзбекистон–Хитой таълим ва гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Май 19, 2026. 10:25 • 2 дақ
• 153ХАНЧЖОУ, 19 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Шанхайдаги Бош консулхонаси ходимларининг Хитойнинг Ханчжоу шаҳрига амалий сафари доирасида қатор учрашув ва музокаралар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида Чжэцзян молия ва иқтисодиёт университети раҳбарияти, ушбу олий таълим муассасасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда “Ramunion” жамғармаси вакиллари билан мулоқот бўлиб ўтди.
Суҳбат жараёнида университет вице-президенти Чжэнь Тао ҳозирги кунда хорижлик талабалар, жумладан ўзбекистонлик ёшлар учун тўлақонли таълим олиш учун барча шарт-шароитлар яратилганини таъкидлади. Талабаларнинг ўқиш жараёни билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда университет доимий кўмак кўрсатишга тайёр экани билдирилди.
Мазкур университет 1974 йилда Чжэцзян провинциясининг Ханчжоу шаҳрида ташкил этилган бўлиб, иқтисодиёт, молия ва менежмент соҳаларига ихтисослашган. Унда қарийб 22 минг талаба таҳсил олади, улар орасида 25 нафар ўзбекистонлик ёшлар ҳам бор.
Олий таълим муассасаси ҳар йили ўзбекистонлик талабалар учун 5 та грант ажратади. Учрашувда грантлар сонини 10–15 тагача ошириш имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Университет қошидаги Марказий Осиё тадқиқотлари институти директори Чжэн Яли сўнгги йилларда Чжэцзян провинциясининг Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқалари сезиларли даражада кенгайганини қайд этди.
“Ramunion” жамғармаси халқаро ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Гу Вэнью сўнгги йилларда дунёда табиий ва техноген офатлар сони ортиб бораётгани, бу эса халқаро қутқарув ҳамкорлигини кучайтириш заруратини ошираётганини таъкидлади.
Ушбу жамғарма 2003 йилда Ханчжоу шаҳрида ташкил этилган бўлиб, кексалар ва ногиронларга фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатишга ихтисослашган. Ҳозирда у 17 давлатда фаолият юритиб, 30 мингдан ортиқ кўнгиллига эга.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида фавқулодда вазиятлар соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма тренинглар ва малака ошириш курсларини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси








