Ўзбекистон дипломатлари ватандошлар билан уларнинг Туркиядаги бизнесини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар
Май 20, 2026. 18:25 • 2 дақ
• 126
АНҚАРА, 20 май. /“Дунё” АА/. Туркияда фаолият юритаётган ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирокида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот жараёнида Туркияда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юртдошлар ўз бизнеслари, амалга ошираётган лойиҳалари, эришилган натижалар ва истиқболдаги режалари ҳақида сўз юритди.
Жумладан, Шаҳноза Сафарова 2016 йилдан буён Анталия шаҳрида қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. “Шеҳназ ханим” фермаси орқали турли органик маҳсулотлар ишлаб чиқаради.
Яна бир ҳамюртимиз Дилноза Абидова 2015 йилдан бери Анқара шаҳрида очган ошхонасида ўзбек миллий таомлари тайёрлаб келади. Тахмина Салиева эса Анталия шаҳрида “HT Huquq va Konsalting” компанияси орқали фуқароларга ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш йўналишида фаолият юритиб келмоқда.
Ватандошимиз Шаҳзода Юрекли меҳмонхоналар ва хизмат кўрсатиш биноларини тозалаш йўналишида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Унинг 2016 йилда Анталия шаҳрида очилган “Ortun” тозалаш хизмати корхонаси кўпчиликка яхши таниш.
Нурбек Юзбоев Анқара шаҳрида тўй ва бошқа маросимларга мўлжалланган либослар тикиш, сотиш ва ижарага бериш йўналишида оилавий тадбиркорликни қўлга қўйган.
Суҳбат жараёнида ҳамюртлар ўз фаолиятини янада кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда Туркия ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашди. Шу йил июнь ойида ўтказилиши режалаштирилган “Тадбиркор ватандошлар форуми” ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ватандош тадбиркорлар билан мунтазам мулоқот ташкил этиш, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




