Ўзбекистон элчиси Покистон собиқ бош вазири билан учрашди
Май 20, 2026. 10:25 • 2 дақ
• 51
ЛАҲОР, 20 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Лаҳор шаҳрига ташрифи доирасида Покистон собиқ бош вазири, “Покистон мусулмон лигаси – Н” партияси етакчиси Наваз Шариф билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳудудлараро кооперацияни кенгайтириш ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари ўртасидаги шерикликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Наваз Шариф Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари Покистон томонида катта қизиқиш уйғотаётганини маълум қилди. Хусусан, жаҳондаги мураккаб иқтисодий ва геосиёсий вазиятга қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиётининг сўнгги йилларда 7–8 фоиз атрофида барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётгани юксак баҳоланди.
Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Жумладан, Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида қайта барпо этилган Имом ал-Бухорий мажмуаси ва Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Покистон аҳолисида катта қизиқиш уйғотаётгани урғуланди.
“Ўзбекистон – бизнинг иккинчи Ватанимиз. Бобур ва бошқа буюк аждодларимиз сизларнинг заминингиздан етишиб чиққан. Шунингдек, Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкор ва яқин дўст давлатлардан бири сифатида қадрлаймиз. Минтақадаги вазият барқарорлашганидан сўнг, Ўзбекистон билан ҳамкорлик ва алоқаларни янада кенгайтириш ниятидамиз”, – деди собиқ бош вазир.
Шунингдек, Покистон томони “Тошкент – Лаҳор” йўналишида қўшимча авиақатнов йўлга қўйилгани қўллаб-қувватлаган ҳолда, яқин келажакда Карачи шаҳри билан ҳам тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.
Томонлар ҳудудлар раҳбарларининг Ўзбекистон ва Покистонга ташрифларини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратдилар. Ташрифлар доирасида икки мамлакатнинг тўқимачилик, фармацевтика, чорвачилик, тери ва жунни қайта ишлаш соҳаларида фаолият юритаётган етакчи компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришга қаратилган учрашувлар ва бизнес-форумлар ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Исломобод шаҳрида барпо этилаётган “Бобур” боғи лойиҳаси хусусида ҳам фикр алмашилди. Наваз Шариф мазкур ташаббусни юқори баҳолади. Шунингдек, Исломобод шаҳрида “Тошкент” кўчаси очилгани ҳам алоҳида қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ханчжоу шаҳрида Ўзбекистон–Хитой таълим ва гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди



