Тошкент мактабида робототехника ва сунъий интеллект соҳасида Ўзбекистон-Хитой лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган
Март 26, 2026. 09:23 • 2 дақ
• 152
ШАНХАЙ, 27 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бош консули Рустам Исмоилов Хитойдаги нуфузли “WhalesBot” компанияси глобал бизнес бўйича директори Мэттью Чоу билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот жараёнида робототехника ва AI (Сунъий интеллект) бўйича янги имкониятлар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, икки томонлама сармоявий ва таълим йўналишидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларида фикр алмашилди.
Мазкур компания таълим робототехникаси ва сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқишга ихтисослашган Хитойнинг юқори технологияли етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Компания дастурий таъминот бўйича 270 дан ортиқ патент ва муаллифлик ҳуқуқларига эга. Унинг маҳсулотлари дунёнинг қарийб 80 та мамлакатидаги 30 мингдан ортиқ мактабларда қўлланилмоқда.
Хитой томони сўнгги йилларда мамлакатимизда ахборот ва илғор технологиялар, сунъий интеллект соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. Суҳбатдошнинг таъкидлашича, Ўзбекистон яқин келажакда Марказий Осиёда мазкур йўналишда етакчи давлатлардан бирига айланиши мумкин.
Мэттью Чоу ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларининг робототехника ва сунъий интеллект бўйича билим ва кўникмаларини кенгайтириш мақсадида Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бири билан ҳамкорлик ўрнатишга тайёр эканини билдирди.
Шунингдек, ушбу мақсадда Хитой томони тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда таълим робототехникаси ва сунъий интеллект хабини ташкил этишга тайёрлигини маълум қилди. Мазкур хаб маҳаллий ёшлар учун робототехника, сунъий интеллект, муҳандислик конструкциялари ва интеллектуал кодлаштириш каби муҳим йўналишларда билим ва кўникмаларни ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, компания вакили жорий йилда Пекин шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган робототехника ва сунъий интеллект бўйича ўсмирлар ўртасидаги халқаро мусобақада иштирок этиш учун 5 нафар ўқувчи ва 1 нафар ҳамроҳ ўқитувчини таклиф қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси