Тошкент ва Стокгольм ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Март 23, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 46
СТОКГОЛЬМ, 23 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Раҳматулла Нуримбетов Стокгольм шаҳри вице-мэри Андерс Остерберг билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё"АА мухбири.
Самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқотда икки мамлакат ҳудудлари, жумладан Тошкент ва Стокгольм ўртасида тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини ўрнатиш ва мавжуд ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларда иқтисодиёт, савдо, инновациялар, маданият ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Стокгольмда истиқомат қилаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ўзбек диаспорасининг швед жамиятидаги ўрни ва роли, улар билан ҳамкорликда турли маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш масалалари ҳам учрашув кун тартибидан алоҳида ўрин олди.
Вице-мэр Андерс Остерберг ўзбекистонликларнинг шаҳар иқтисодиёти ва турли тармоқлардаги фаолиятини муваффақиятли ва садоқатли амалга ошираётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашув якунида муҳокама қилинган йўналишларда ҳамжиҳатликда амалий ишлар йўлга қўйишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси