ЮНЕСКОда Буюк ипак йўлининг турли маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди
Июнь 13, 2025. 18:04 • 2 дақ
• 160
ПАРИЖ, 13 июнь. /"Дунё" АА/. ЮНЕСКО штаб-квартирасида "Ипак йўли бўйлаб келажакка оид ёшлар мулоқоти" мавзусида симпозиум ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуман Ўзбекистоннинг мазкур тузилмадаги доимий вакили, ЮНЕСКОнинг "Ипак йўли" дастури ва Хитойнинг ташкилотдаги дипломатик ваколатхонаси билан биргаликда ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон ва Хитой ташаббуси билан 2024 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган 10 июнь – Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот кунини нишонлаш доирасида бўлиб ўтди.
Симпозиумда ЮНЕСКО Бош директорининг табиий фанлар бўйича ёрдамчиси Лидия Брито, аъзо давлатларнинг ЮНЕСКО ҳузуридаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва вакиллари ҳамда ёш олимлар, халқаро экспертлар иштирок этди.
Тадбирда Ипак йўлининг тарихий мероси ва турли маданият ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, жумладан, санъат ва адабиёт, фалсафа ва маънавият, фан, билим ва ноу-хау каби соҳаларда муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанлар бир-бирини бойитиш, умумий ривожланиш ва барқарор тинчлик учун Ипак йўли бўйлаб турли маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ва алмашинувлар муҳимлигини таъкидладилар.
Тадбир, шунингдек, савдо, илм-фан, санъат ва маънавият каби турли соҳалардаги цивилизациялар хилма-хиллигининг қадр-қимматини англаш, мулоқот, ўзаро ҳурмат ва глобал ҳамжиҳатликни ривожлантириш, янада уйғун ва ўзаро боғланган дунёни тарғиб қилишга ҳисса қўшди.
Хусусан, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили тадбир иштирокчиларига Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган юртимизнинг Бухоро, Самарқанд ва Хива каби тарихий шаҳарларининг турли халқлар, маданият ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, илмий кашфиётлар, технологиялар ва интеллектуал анъаналар алмашишдаги ўрни ҳақида маълумот берди.
Марказий Осиёнинг Муҳаммад Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Ал-Фарғоний каби буюк аллома ва мутафаккирларининг Буюк ипак йўли бўйлаб илмий алмашинув ва мулоқотни ривожлантиришдаги тарихий ҳиссаси қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонда илм-фан, таълим ва маданиятни ривожлантириш орқали Учинчи Ренессансни барпо этишга алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистоннинг илмий ҳамкорликни ривожлантириш, етакчи жаҳон илмий марказлари билан шериклик алоқаларини йўлга қўйиш, янги тадқиқот тармоқларини яратиш, дунёнинг турли мамлакатлари ва минтақалари ўртасида илмий-техника алмашинувини кенгайтириш бўйича халқаро ташаббуслар билан танишдилар.
Хусусан, Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани, сунъий интеллект этикаси соҳасидаги илмий тадқиқотлар учун Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилгани таъкидланди.
Шу йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКОнинг 14-Ёшлар форуми ёш олимлар учун мулоқот, ҳамкорлик ва билим алмашишни кенгайтириш платформаси бўлиши таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини расман якунлади
"The European Circle": Самарқанд қадимдан илм-фан ривожланган цивилизация маркази бўлган
"India Blooms": Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда