Жанубий Корея компаниялари Ўзбекистон таълим муассасаларига смарт-панеллар тақдим этди

Сентябрь 03, 2026. 09:53 • 2 дақ

65
Жанубий Корея компаниялари Ўзбекистон таълим муассасаларига смарт-панеллар тақдим этди

СЕУЛ, 3 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимиз таълим муассасаларини замонавий рақамли ускуналар билан жиҳозлаш ташаббусини қўллаб-қувватлаган Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакилларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган ушбу ташаббус доирасида Жанубий Кореянинг 11 та компанияси мамлакатимиз мактаблари ва профессионал таълим муассасалари учун 35 та интерактив смарт-панель харид қилишда молиявий кўмак кўрсатди.

Тадбир давомида Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов ишбилармонларга алоҳида миннатдорлик билдирди. У таълим жараёнига замонавий рақамли технологияларни жорий этиш таълим сифатини ошириш, ёшларнинг замонавий билим ва ресурслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳамда зарур кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Ускуналарни имтиёзли шартларда тақдим этган ҳамда уларни Ўзбекистонга етказиб беришни ташкил этишда кўмаклашган “AHA” компаниясининг ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Бу кўмак лойиҳани амалда рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этди.

Шунингдек ўқинг

Лойиҳани молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда Жанубий Кореянинг “BOMI Engineering & Construction”, “Shindong Resources”, “Hansae Mobility”, “Youngone Corporation”, “Hyundai Rotem”, “Edulink Global”, “DK Consultants”, “Shield Consulting”, “Sungshin L&P”, “Hana Global”, “UzAuto Korea” каби етакчи компаниялари иштирок этди.

Смарт-панелларни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги таълим муассасалари ўртасида тақсимлаш режалаштирилган. Уларни ўқув жараёнига жорий этиш рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ва ўқувчиларни тайёрлаш сифатини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Мазкур тадбир Кореянинг “K-Culture”, “Diplomacy Journal”, “UN Journal” каби қатор оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш