Бахтиёр Саидов: Жанубий Африка – Ўзбекистоннинг ушбу қитъадаги муҳим ҳамкорларидан бири
Октябрь 01, 2026. 21:05 • 2 дақ
• 119
ТОШКЕНТ, 1 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Жанубий Африка Республикаси халқаро муносабатлар ва ҳамкорлик вазири Рональд Оззи Ламола билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Бугун Жанубий Африка Республикасининг халқаро алоқалар ва ҳамкорлик вазири Рональд Оззи Ламола билан телефон орқали самимий ва мазмунли мулоқот ўтказдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Жанубий Африка – Ўзбекистоннинг ушбу қитъадаги муҳим ҳамкорларидан бири. Бугун муносабатларимизда янги суръат шаклланаётганини мамнуният билан қайд этдик.
Сиёсий мулоқотни янада фаоллаштириш, савдо ва инвестиция алоқаларини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш бўйича аниқ қадамларни белгилаб олдик.
Қўшилмаслик ҳаракати доирасидаги ҳамкорликка тўхталиб, Ўзбекистоннинг 2027–2030 йиллардаги раислиги даврида ўтказиладиган тадбирларда Жанубий Африка томонининг фаол иштирокидан манфаатдор эканимизни билдирдик.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияни ишга тушириш ва икки томонлама ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқдик.
Ҳамкасбим билан яқин орада шахсан учрашиб, бугунги мулоқотимизда белгиланган режаларни биргаликда илгари суришга келишиб олдик”.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи охирида Йоханнесбургда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган биринчи Ўзбекистон – Жанубий Африка бизнес-форуми бўлиб ўтган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси