Қозоғистоннинг янги элчиси Тошкентга келди
Июль 27, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 69
ТОШКЕНТ, 27 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Қозоғистоннинг янги элчиси Ерали Туғжановни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ерали Тугжанов жанобларидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Қардош Қозоғистон билан эришилган стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг юксак даражасини алоҳида қадрлаймиз. Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги ишончли мулоқот ва мустаҳкам сиёсий ирода туфайли бугун Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатлари барча йўналишларда жадал ривожланиб бормоқда.
Суҳбатимиз давомида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси, ҳудудлараро алоқалар, транспорт ва логистика соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилдик.
Элчи жанобларига Ўзбекистондаги масъулиятли ва шарафли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз”.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президентининг фармони билан Ўзбекистондаги элчи этиб тайинланган Ерали Туғжанов бу лавозимда 2022 йилдан буён Тошкентдаги элчихонага раҳбарлик қилиб келган Бейбут Атамқуловнинг ўрнини эгаллади.
Ерали Туғжанов 63 ёшда. Тошкентга тайинлангунга қадар у Қозоғистон Бош вазирининг маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган. Бундан аввал Президент Администрациясида ишлаган, Манғистау ва Ақтўбе вилоятлари ҳокими бўлган, Қозоғистон Касаба уюшмалари федерациясига раҳбарлик қилган, Бош вазир ўринбосари лавозимида меҳнат қилган.
“Дунё” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси