АҚШнинг Аризона, Флорида, Жоржия, Мэриленд ва Виржиния штатларида Ўзбекистон парламенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бўлиб ўтмоқда
Октябрь 21, 2024. 10:03 • 2 дақ
• 179
ВАШИНГТОН, 21 октябрь. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 19 октябрь куни мамлакатимиз элчихонаси ҳузуридаги сайлов участкаси томонидан АҚШнинг Аризона, Флорида, Жоржия, Мэриленд ва Виржиния штатларида Ўзбекистон парламенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, Аризона штатида ўтказилган сиёсий тадбирда Тусон, Феникс, Меса ва Темпа шаҳарларида, шунингдек, қўшни штатларда доимий ва вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларимиз фаол иштирок этишди.
Овоз бериш жараёнида иштирок этаётган ватандошларимиз, айниқса "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендиатлари ўз фуқаролик бурчларини амалга оширишда алоҳида жонбозлик кўрсатиб, мамлакатимиз келажагига беэътибор эмасликларини намоён этдилар.
Флорида штатининг Орландо шаҳрида ташкил қилинган овоз бериш жараёнларида ушбу парламент сайловларининг мажоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилиши, сиёсий партиялар самарадорлигини оширишга, мамлакатимизда демократик институтлар ролини янада мустаҳкамлашга кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.
Сайловда муддатидан олдин овоз берган ватандошларимиз бу каби сиёсий тадбирлар юртдошларимизни янада жипслаштириш, халқимизнинг урф-одати ва тарихий меросини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни она юртига бўлган хис туйғуларини ошириш ҳамда юртимизнинг бой илмий ва маънавий меросини Америкада кенг ёйишга хизмат қилишини билдирдилар.
Мэриленд штатининг Пайксвиль шаҳрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнида фуқароларимиз фаол иштирок этиш орқали юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашларини намоён қилдилар.
Виржиния штатининг Фейрфакс шаҳрида ташкил этилган муддатидан олдинги овоз беришда ҳам ватандошлар фаол иштирок этдилар.
Жоржия штатининг Атланта шаҳрида Ўзбекистон парламенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни билан бирга маданий-маърифий тадбир ташкил қилинди.
Иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотлар ҳамда хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, юртдошларимизга консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича ҳам тегишли тавсиялар билдирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон парламенти сайлови якунлари Покистон таҳлил марказлари диққат марказида