АҚШда бошланғич мактабда содир бўлган отишмада уч нафар бола ва ўқитувчи ҳалок бўлди
Октябрь 16, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 90
БЕНД, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Орегон штатидаги Бенд шаҳрида жойлашган “Silver Rail Elementary” бошланғич мактабида 16 ёшли ўсмир ўт очиб, уч нафар бола ва бир ўқитувчини ўлдирди, шундан сўнг воқеа гувоҳи томонидан отиб ташланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “ABC News” телеканалига таяниб.
Ҳодиса пайшанба куни кундузи содир бўлган. Бенд полицияси бошлиғи Майк Кранснинг сўзларига кўра, ҳужум қилган шахс қулфланган эшикларга ўқ узиб, бино ичига кирган. Кейинчалик ҳалок бўлган болалар беш, саккиз ва 11 ёшда экани маълум бўлди.
Яна бир етти ёшли бола ва 54 ёшли ўқитувчи ўта оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Ўсмирнинг мактабга эҳтимолий алоқадорлиги ҳақидаги маълумот ҳозирча аниқланмаган, унинг исми ва ҳалок бўлганларнинг шахси ошкор этилмаяпти.
Полиция маълумотларига кўра, дастлаб номаълум шахс узун стволли қуролдан автомобилга қарата ўқ узгани ҳақида хабар келиб тушган. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, фавқулодда ёрдам хизматига қуролланган ўсмир мактабга бостириб киргани ҳақида қўнғироқлар бўла бошлаган.
Гувоҳлардан бири бино ичида жиноятчининг изига тушиб, уни отиб ўлдирган. Полиция ходимлари отишма ҳақидаги биринчи хабардан уч дақиқа ўтиб воқеа жойига етиб келган, гумонланувчининг ўлимини тасдиқлаган ва мактабни кўздан кечирган.
Орегон губернатори Тина Котек воқеа гувоҳига аралашуви учун миннатдорлик билдирди, унинг сўзларига кўра, бу янада кўпроқ қурбонлар бўлишининг олдини олишга ёрдам берган. Мактаб округи вакили Стивен Кук содир бўлган воқеани фожиа деб атаб, ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди.
Жума куни маҳаллий аҳолига ушбу мусибатдан ўзига келиб олишга вақт бериш мақсадида Бенддаги барча мактабларда дарслар бекор қилинди. Полиция маълумотларига кўра, “Silver Rail Elementary” мактабида 450 га яқин бола таҳсил олади ва 40 дан ортиқ ходим ишлайди.
“K-12 School Shooting Database” маълумотлар базасига кўра, ўтган йили Америка мактабларида 235 та, жорий йил бошидан буён эса камида 140 та отишма ҳолати қайд этилган.
“AP” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси