ЕХҲТ Доимий кенгашининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайлови натижалари эътироф этилди
Ноябрь 03, 2024. 10:26 • 2 дақ
• 168
ВЕНА, 3 ноябрь. /"Дунё" АА/. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Доимий кенгашининг навбатдаги мажлисида мамлакатимизнинг ЕХҲТдаги Доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов "Ўзбекистонда ўтган парламент сайловлари натижалари" мавзусида маъруза қилди, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда барча 57 та иштирокчи давлатлар, мулоқот бўйича шерик давлатлар вакиллари ва ташкилотнинг ижро этувчи тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Доимий вакили жорий йилнинг 27 октябрь куни мамлакатимизда ўтган йирик сиёсий тадбир – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайлови натижалари тўғрисида йиғилиш қатнашчиларига батафсил сўзлаб берди.
Хусусан, давлатимиз тарихида биринчи маротаба парламент сайловлари аралаш сайлов тизими асосида ўтганлиги, сайлов комиссиялари фаолиятининг тўлиқ рақамлаштирилганлиги, овоз бериш жараёнларининг технологик инновациялар ва инклюзивлик таъминлаган ҳолда ўтказилганлигига таъкидланди. Сайловлар Ўзбекистон Конституцияси, Сайлов кодекси ва халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этилганлиги қайд этилди.
Шунингдек, кенг кўламли сайловни кузатиш миссияларини юборганлиги учун ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига (ДИИҲБ) ва Парламент ассамблеяси котибиятига миннатдорлик билдирилди. ДИИҲБ билан конструктив ҳамкорликни давом эттиришдан Ўзбекистоннинг манфаатдор эканлиги ҳамда ЕХҲТ миссиясининг якуний ҳисоботи чиққанидан сўнг унда кўрсатилган тавсиялар тегишли тартибда кўриб чиқилиши маълум қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан қатор хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари Ўзбекистон парламенти сайлови муваффақиятли ўтгани билан ўзбек томонини табрикладилар ва сайловларнинг очиқ, адолатли ҳамда демократик принципларга мувофиқ тарзда ташкил этилганини эътироф этишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси