Ўзбекистон элчиси: Бўлажак сайловлар Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси асосида янги даврни акс эттиради

Октябрь 19, 2024. 10:19 • 4 дақ

253
Ўзбекистон элчиси: Бўлажак сайловлар Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси асосида янги даврни акс эттиради

СЕУЛ, 19 октябрь. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови арафасида Жанубий Кореянинг "The Korea News Plus" электрон нашрида Ўзбекистоннинг янги элчиси Алишер Абдусаломов билан суҳбат эълон қилинди деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 

"Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий Кенгашлар депутатларига сайлов ваколат муддати тугайдиган йилнинг октябрь ойининг охирги ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади", – деб қайд этган элчи Алишер Абдусаломов.


Амалдаги депутатларнинг ваколат муддати 2024 йилда тугайдиган бўлса, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 26 июлдаги қарорига кўра, сайловолди ташвиқоти бошлангани муносабати билан 27 октябрда парламент сайловини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.


Бу сайловлар Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида белгиланган янги ижтимоий-сиёсий шароитда ўтиши билан алоҳида эътиборга сазовордир.


Ушбу сайловларнинг ўзига хослигини бир неча асосий жиҳатларда аниқлаш мумкин:


Биринчидан, Ўзбекистон тарихида илк бор сайловлар мажоритар ва пропорционал вакилликни бирлаштирган аралаш сайлов тизимида ўтказилади. 150 нафар депутатдан 75 нафари тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан, қолган 75 нафари эса сиёсий партиялар учун берилган овозлар асосида пропорционал тизим орқали сайланади.


Иккинчидан, сайлов жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, бюрократия, қоғозбозлик ва вақтни кечиктириш камайтирилди.


Учинчидан, сайлов қонунчилиги илғор демократик андозалар асосида ислоҳ қилинди. Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги сайлов органларининг янги тизими жорий этилди. Бундан ташқари, эндиликда сиёсий партиялар камида 40 фоиз аёлларни номзод сифатида кўрсатиши шарт.


Тўртинчидан, сайловлар янгиланган Конституция доирасида, ҳам Қонунчилик палатаси, ҳам Сенатнинг ваколатлари кенгайтирилган ҳолда, кучайтирилган парламентаризм шароитида ўтказилади.

Шунингдек ўқинг


Бешинчидан, "Е-Saylov" ахборот тизими ишлаб чиқилиб, сайловолди ташвиқоти давомида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш ва оммавий ахборот воситаларига СМС хабарномалар юбориш каби қарийб 60 турдаги сайлов жараёнларини рақамлаштирди.


Олтинчидан, Ўзбекистоннинг хориждаги фуқаролари учун овоз бериш пропорционал сайлов тизими асосида амалга оширилади. Дипломатик ва консуллик муассасаларидаги, жумладан Жанубий Кореядаги сайлов участкалари чет эллик фуқароларга сайловларда қатнашаётган сиёсий партияларга овоз бериш имконини беради.


Ўзбекистон қонунчилигига кўра, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган ҳар қандай сиёсий партия 40 мингдан ортиқ имзо тўплаган тақдирда сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга.


Жорий йилда Марказий сайлов комиссияси беш сиёсий партия – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП), Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва "Адолат" социал-демократик партиясининг сайловда иштирок этишини маъқуллади.


Сайловда иштирок этиш Ўзбекистоннинг 18 ёшга тўлган барча фуқароларининг, яшаш жойидан қатъий назар, конституциявий ҳуқуқидир. Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ва консуллик муассасаларида сайлов участкалари ташкил этилган.


26 август куни МСК бутун дунё бўйлаб 56 та шундай сайлов участкаларини ташкил этишни маъқуллади. Бу эса Ўзбекистон фуқароларининг Жанубий Кореяда ҳам овоз беришини таъминлади.


Оммавий ахборот воситалари фуқароларнинг депутатликка номзодлар, партия дастурлари тўғрисида хабардор бўлиб боришига кўмаклашиш орқали сайловнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Марказий сайлов комиссияси ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказади, бу эса уларга сайловга тайёргарлик жараёнини кузатиш ва бу жараённи ёритиш имконини беради. Эндиликда аккредитация учун аризалар "Е-Saylov" тизими орқали электрон шаклда топширилади.


"Бу сайловларга халқаро эътибор айниқса жуда юқори. 50 та давлат ва 21 халқаро ташкилот, жумладан, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ  ва бошқа  тузилмалардан 1000 дан ортиқ кузатувчилар келиши кутилмоқда", – деган элчи Алишер Абдусаломов "The Korea News Plus" мухбирига интервьюсида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш