Париж шаҳрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди
Октябрь 09, 2024. 10:51 • 2 дақ
• 374
ПАРИЖ, 9 октябрь. /"Дунё" АА/. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Францияга ташрифи доирасида мамлакатимиз элчихонасида бўлажак Ўзбекистон парламенти сайловига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Франция парламенти, эксперт, академик доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида 2017 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти Франция томонига етказилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг чиқишларида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида эришилаётган ютуқларга алоҳида урғу берилди.
Анжуманда Ўзбекистонда бўлажак парламент сайлови мамлакатимизнинг янгиланган Конституцияси асосида ва сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартишларга мувофиқ ўтказилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, иштирокчиларга сайловолди ташвиқоти доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли тайёргарлик ишлари ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
Франция вакиллари ўз навбатларида, Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, кўп қиррали ўзбек-француз ҳамкорлигининг турли жиҳатларига тўхталиб, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеа юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.
– Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига бағишланган давра суҳбатида иштирок этиш таклифини катта мамнуният билан қабул қилдим. Мен ҳам Франциядан сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш таклифини олдим, – деди Франция Миллий Ассамблеясининг собиқ аъзоси Кароль Бюро-Бонар. – Бундан аввал Ўзбекистон Президенти сайловида, шунингдек, мамлакатингизда бўлиб ўтган парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида қатнашганман. Ҳар гал Ўзбекистонга борганимда мамлакатингизда амалга оширилаётган, ортга қайтмас ўзгаришлар, демократик ислоҳотлардан ҳайратда қоламан. Шу муносабат билан Қонунчилик палатасига сайловни аралаш (мажоритар-пропорционал) тизим асосида ўтказишнинг янги тартибини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу, албатта, Ўзбекистонда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни янада кучайтиради. Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилаётгани эътирофга лойиқ. Депутатликка номзодлар умумий сонининг 40 фоизигача бўлган хотин-қизлар квотаси оширилгани бунинг ёрқин далилидир.
Якунда франциялик депутатлар парламент сайловларида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун Ўзбекистонга бўлажак сафарга катта иштиёқ билан ҳозирлик кўраётганликларини таъкидлаб, мамлакатимиз сайлов жараёнидаги янгиликлар билан яна бир бор танишиш имконияти учун миннатдорлик билдирдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси