Logo

Вашингтонда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига бағишланган брифинг ўтказилди

Октябрь 05, 2024. 10:25 • 2 дақ

202
Вашингтонда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига бағишланган брифинг ўтказилди

ВАШИНГТОН, 6 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида бўлажак Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига бағишланган брифинг ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.



Тадбирда АҚШ расмийлари, жумладан Оқ уй, Давлат департаменти, Конгресс, Сайловга кўмаклашиш бўйича комиссия (EAC) вакиллари, Сайлов тизимлари халқаро фонди (IFES) ва "ақл марказлари" экспертлари, америкалик бўлажак парламент сайловлари кузатувчилари ҳамда "The Diplomat" ва "Diplomatic Watch" онлайн ахборот нашрлари ходимлари иштирок этди.

Брифинг иштирокчиларига ушбу сайловлар мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда, жумладан янгиланган Ўзбекистон Конституцияси ва Қонунларига, умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ва уларга тўла риоя қилган ҳолда ўтказилаётгани маълум қилинди.

Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилиши таъкидланди. Мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш ва ушбу йўлда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш мақсадида депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши кераклиги қайд этилди.

Брифинг чоғида, АҚШ вакилларига бўлажак парламент сайловлари жараёнини шаффоф ва самарали ташкил этиш мақсадида "E-Saylov" ахборот тизими жорий этилгани ва ушбу тизим орқали сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар, номзодлар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари билан деярли 60 турдаги муносабатлари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилиши билдирилди.

Тадбир иштирокчиларига сайлов жараёнидаги ўзгаришлар ва "E-Saylov" ахборот тизими ҳақида алоҳида видеолавҳалар тақдим этилди.

Брифинг иштирокчилари ўз навбатида, Ўзбекистон парламент сайловларига кўрилаётган тайёргарлик жараёнини юқоладилар.

"IFES"нинг дастурлар ва тадқиқотлар бўйича маслаҳатчиси Энтони Бойер сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилганини ва сайлов жараёнига киритилган ўзгаришлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларга ҳамоҳанглигини таъкидлади. У, шунингдек, "IFES" ва Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ўртасида амалга оширилган самарали ҳамкорликни таъкидлаб, МСКнинг илғор тажриба ва сайловларни ўтказишда юксак салоҳиятга эга эканини эътироф этди.

"Евроосия маркази" вице-президенти Ральф Винни Ўзбекистонда ўтказиладиган сайловларнинг бошқа мамлакатларда учрамайдиган ўзига хос ижобий томонлари мавжудлигини таъкидлади. У овоз берувчилар учун яратиладиган қулайликлар ва шарт-шароитларни, жумладан овоз бериш жараёни давомида ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкаларида болалар учун ўйин майдончалари ва тиббий ёрдам пунктлари ташкил этилишини юқори баҳолади.

"Caspian Policy Center" маслаҳат кенгаши аъзоси Эрик Руденшиолд Ўзбекистонда сайлов жараёнлари халқаро сайлов стандартларига тўла мувофиқ ҳолда очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида республика ҳукумати ва Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилган салмоқли ислоҳотларни эътироф этди. Унинг айтишича, мазкур саъй-ҳаракатлар сайловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга эркин ва адолатли овоз бериш имкониятини яратишга хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш