Logo

Буюк Британия парламентида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган тантанали қабул маросими ўтказилди

Декабрь 09, 2024. 01:16 • 3 дақ

148
Буюк Британия парламентида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган тантанали қабул маросими ўтказилди

ЛОНДОН, 9 декабрь. /"Дунё" АА/. Британия парламенти Лордлар палатасида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган тантанали қабул маросими ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Буюк Британия Парламенти, вазирлик ва идоралари, тадқиқот ва таҳлил марказлари, олий таълим муассасалари, ишбилармон доиралари вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ходимлари ва ватандошлар иштирок этди.

Очилиш маросимида мамлакатимиз элчиси Равшан Усманов раҳбари хорижий томонни юртимизда ўтган йили умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция, унинг Янги Ўзбекистон ислоҳотлари доирасидаги аҳамияти, мамлакат Асосий қонунда белгиланган тинчлик ва тараққиёт тамойиллари билан таништирди.

Шунингдек, Конституция юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Баронесса Уддин, Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси, Ўзбекистонда юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришларни ижобий баҳолаб, Лондонни Тошкент билан барча соҳаларда алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини маълум қилди. Янгиланган Ўзбекистон Конституциясининг мамлакатнинг кўпмиллатли халқи, ислоҳотлар ва тараққиёт учун муҳимлигини алоҳида қайд этди.

Лорд Вейверли шу йил октябрь ойида янгиланган Конституция асосида Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштироки давомида ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг очиқлик ва рақобат руҳида ўтганлиги Асосий қонунни ҳаётга татбиқ этиш йўлида биринчи ғоят муҳим қадам бўлганини билдирди.

Тадбирнинг маданий қисмида Ўзбекистондан ташриф буюрган "Бунёд" ансамбли ижросидаги куй ва қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

Лорд Реннард:

Мамлакатингиз билан жуда ҳам яқиндан танишман. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган "Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги"да қатнашдим. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар алоҳида эътирофга эга. Ҳар бир соҳадаги тараққиёт ва янги ташаббуслар мамлакатнинг келажаги учун катта аҳамият касб этмоқда.

Нейл Титман, Лондондаги "Kulturalis" нашриёт уйи бошқарувчи директори:

– Биз маданиятлараро ҳамкорлик билан шуғулланувчи нашриёт компаниясимиз. Ўтган олти-етти йил давомида Ўзбекистоннинг бой маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи қатор китобларни чоп қилдик. Ҳозирда мазкур адабиётлар дунёнинг деярли барча маданият марказлари, нуфузли музейлар ва кутубхоналардан жой олган.

Биз келгусида ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда ўзбек санъати ва маданияти ҳақидаги билимларни бутун дунёга ёйишга бағишланган кўплаб китоблар устида ишлаяпмиз.

Сунита Рамананд, "Trotting Soles Travel" сайёҳлик компанияси таъсисчиси:

– Ўзбекистоннинг Ипак йўлидаги ўрнини янада муҳимлигини ҳозирда Британия музейида ташкил этилган "Ипак йўли" кўргазмаси мисолида кўриш мумкин. Шунинг учун биз Ўзбекистондаги сайёҳлик компаниялари билан мунтазам алоқаларни кенгайтириш устида ишлаяпмиз. Ҳозирда Британиядан Ўзбекистонга саёҳат қилиш истагидагилар сони тобора ортмоқда. Мамлакатингизнинг туризм салоҳиятини Бирлашган Қиролликда янада кенг тарғиб қилишни режалаштиряпмиз.

Ева Новикова, Британия-Ўзбекистон жамияти аъзоси:

– Биз Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлик қиляпмиз.

Ўзбекистонда хорижий инвесторлар ва ташқи савдони ҳимоя қилувчи кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакатингиз хорижий шериклар билан бизнес ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга.

Шу боис, ташкилотимиз Британия бизнесини Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритишида жадал кўмаклашяпти.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш