Париждан муносабат: Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати ТДТ фаолиятини янада юксалтирмоқда
Октябрь 31, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 73
ПАРИЖ, 31 октябрь. /“Дунё” АА/. Франция Миллий илмий тадқиқотлар маркази (CNRS) илмий ходими, Олий тадқиқотлар амалий мактаби (EPHE) доктори, француз исломшуноси Карим Ифрак “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Туркияга амалий ташрифи ҳамда Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммитидаги иштироки юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Сўнгги йилларда халқаро майдонда ўз ролини сезиларли даражада мустаҳкамлаган Ўзбекистоннинг фаол ва конструктив позицияси алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакат Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқ, прагматик ва кўп векторли ташқи сиёсатни изчил олиб бормоқда, БМТ, ШҲТ, ТДТ ва бошқа ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистоннинг ТДТдаги иштироки муҳим амалий аҳамиятга эга. 2019 йилда Ташкилотга аъзо бўлганидан буён Тошкент ўзаро савдо, саноат кооперацияси, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, рақамли трансформация, таълим ва илмий-техникавий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ўнлаб ташаббусларни илгари сурди.
Ташкилотнинг институционал механизмларини мустаҳкамлаш ва иқтисодий кун тартибини кенгайтиришга хизмат қилган 2022 йилги Самарқанд саммити бу борада муҳим босқич бўлди.
Ўзбекистоннинг “Туркий рақамли йўлак”ни яратиш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, инновацион лойиҳалар ва технологик стартапларни молиялаштиришнинг қўшма механизмларини шакллантириш бўйича ташаббуслари юқори баҳоланади.
Ушбу таклифлар Тошкентнинг ташкилот фаолиятига замонавий технологик ўлчов бериш ва аъзо давлатлар иқтисодий ўсиши учун қўшимча имкониятлар яратишга интилишидан далолат беради.
Европа нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш, божхона тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўл лойиҳасини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамиятга эга.
Ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаши, халқаро савдо йўналишларини диверсификация қилиши ва глобал таъминот занжирларининг барқарорлигини ошириши мумкин.
Анқара саммити ТДТ доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш ва янги амалий ташаббусларни илгари суриш учун муҳим имкониятдир. Ўзбекистоннинг изчил сиёсати, очиқ мулоқоти ва аниқ натижаларга интилиши ташкилотнинг янада юксалишига замин яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси