Logo

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги Германияда кенг тантана қилинди

Сентябрь 29, 2025. 12:48 • 4 дақ

73
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги Германияда кенг тантана қилинди

БЕРЛИН, 29 сентябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистон давлатимиз мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда мезбон мамлакатнинг ҳукумат ва парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар ҳамда иқтисодий, маданий ва академик доиралари, ОАВ вакиллари, Берлинда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, ватандошлар қатнашди.

Тадбир фахрий меҳмони сифатида ГФР Ташқи ишлар вазирлиги Европа бўйича Давлат вазири Гюнтер Крихбаум иштирок этди.

Тантанали тадбирнинг очилиш қисмида дипломатик ваколатхона раҳбари Дилшод Ахатов сўзга чиқиб, мамлакатимиз етакчиси раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда турли жабҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли, ортга қайтмас ислоҳотлар, иқтисодий ўсиш суръатлари, хорижий сармоялар оқими, яшил иқтисодиёт, тадбиркорлик ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги фаол тадбирлар, туризм ва бошқа соҳалардаги тараққиёт ҳақида таъкидлади. Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, минтақавий ҳамкорликка қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида республиканинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ошиб бораётгани урғуланди. Шунингдек, Германия билан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик мустаҳкам ривожланаётгани, икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва юқори даражадаги мулоқотлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққани қайд этилди. Икки томонлама алоқаларни қўллаб-қувватлаётган барча германиялик ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирилди.

ГФР Ташқи ишлар вазирлиги Давлат вазири Гюнтер Крихбаум сўзининг аввалида Германия Ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефулнинг самимий табригини етказиб, Ўзбекистон халқини давлат Мустақиллик байрами билан қутлади. Мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларнинг бугунги ҳолатини юксак баҳолаб, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳам изчил ривожланиб, кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

"Юртингизнинг гўзал табиати, тотли ноз-неъматлари, қадимий шаҳарлари алоҳида эътирофга лойиқ. Бу эса иқтисодиёт ва туризм соҳаларида мамлакатларимиз ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик истиқболларини очади. Қадимда цивилизация бешиги бўлиб келган Самарқанд бугунги кунда ҳам халқаро нуфузини тикламоқда. ЮНЕСКО Бош конференцияси қирқ йилдан сўнг биринчи маротаба Париждан ташқарида – Самарқандда ўтиши, яқинда "Марказий Осиё-ЕИ" саммити муваффақиятли ўтгани сўзим исботидир. Германия-Ўзбекистон муносабатлари савдо-иқтисодий, меҳнат миграцияси ва туризм йўналишларида янада чуқурлашишига аминман", – деб Гюнтер Крихбаум.

Тантанали тадбир дастурининг маданий қисмида юртдошимиз таниқли пианиночи Элеонора Котлибулатова ижросида Ўзбекистон ва Германия бастакорлари асарлари ижро этилди. Шарқ халқлари мусиқаси билан танилган Германиянинг "RITM-X" гуруҳи томонидан ижро этилган ўзбек миллий куй-қўшиқлари ҳамда ҳаваскор ватандошларимиз ижросидаги рақcлардан иборат бой маданий дастур меҳмонларда катта таассурот қолдирди.


Тило Клиннер, Германиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси:

– Мен учун Германиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси сифатида ушбу миллий байрамда иштирок этиш катта шарафдир. Айниқса, дастур бизда катта таассурот қолдирди. Элчининг сиёсий алоқаларимиз ҳақида билдирган фикрларидан ташқари, Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши, унинг бой мусиқий анъаналари ва туризм салоҳияти ҳақида ҳам маълумот олдик.

Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар жуда юқори босқичга кўтарилди. Мамлакатларимиз ўртасида кўплаб умумий манфаатлар мавжуд ва биз уларни яхши биламиз.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда инсонларнинг меҳнатсеварлиги ва иштиёқи бизни ҳайратга қолдирмоқда. Мамлакат сўнгги йилларда кўплаб соҳаларда катта, ҳайратомуз ютуқларга эришди. Мисол тариқасида, таълим тизимида юз берган ижобий ўзгаришларни айтиш мумкин, бугун янги университетлар очилмоқда. Ёки энергетика соҳасида қайта тикланувчи энергия бўйича улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Булар кичик ташаббуслар эмас, балки муҳим ва йирик мақсадлардир. Жамият ислоҳ қилинмоқда, ижтимоий соҳа янада ривожлантирилмоқда ва инвестиция имкониятлари яхшиланмоқда. Германия саноати ва тадбиркорлари ушбу муваффақиятларда иштирок этиб, фаол ҳиссасини қўшишни хоҳлайди.


Штефан Оссенкопп, журналист ва тадқиқотчи:

 – Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга қизиқишим катта. Янги Ипак йўли, Марказий Осиё минтақасида замонавий инфратузилмалар ва халқаро транспорт йўлларининг ривожланиши каби мавзулар мени жуда қизиқтиради. Бугун Ўзбекистонни нафақат Хитой каби йирик давлатлар, балки Европа мамлакатлари учун ҳам юқори салоҳиятли ҳамкор, деб ҳисоблайман. Германия, Франция, Италия каби ривожланган давлатлар янги ҳамкор, янги бизнес масканларини изламоқда, Марказий Осиё, айнан Ўзбекистон янги шериклик ўрнатиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш учун энг мос мамлакат.


Зёрен Кролл, "Jura One" ҳуқуқшунослик мактаби ва "Laurea Germania" ташкилоти директори:

– Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан қутлайман. Бундай муҳим байрам тадбирида мен ва рафиқам иштирок этганимиздан жуда хурсандмиз. Ўзбекистонда бу сана ҳақиқатда унутилмас эканлигини ҳис қилдик. Тадбир барча меҳмонларга манзур бўлди. Ўзбек компаниялари ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган немис тадбиркорлари билан ҳамкорликда ишлайман. Немис тадбиркори сифатида тадбирда турли соҳа вакиллари билан мулоқот қилиш ва мамлакатингиз ҳақида фикр алмашиш мен учун жуда фойдали бўлди. Ўзбекистонга келгусида ҳам доимий тараққиёт ва мувафаққиятлар тилайман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш