Logo

Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойда кенг нишонланди

Октябрь 20, 2025. 09:40 • 3 дақ

87
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойда кенг нишонланди

ПЕКИН, 20 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Хитойдаги ватандошлар иштирокида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан маданий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ватан учун, миллат учун, халқ учун!" шиори остида ташкил этилган тадбирда Хитой олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар, ушбу мамлакатда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ва вақтинча бўлиб турган ватандошлар, Пекин шаҳридаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) котибияти вакиллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон давлат мадҳияси янгради.

Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни ва уларнинг мазмун-моҳияти билан таништирилди.

Ўзбекистоннинг ёшлар, хориждаги ватандошларга оид давлат сиёсати ҳақида таъкидланди ҳамда чет эллардаги юртдошларимиз мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чорланди.

Хитойдаги дипломатик ваколатхоналарнинг асосий вазифаларидан бири бу, албатта ватандошларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш эканлиги қайд этилди.

ШҲТ Бош котиби ўринбосари Сухайл Хан сўзга чиқиб Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиланишларни юқори баҳолаб, мамлакатимиз тез суратлар билан ривожланиб бораётганига тўхталиб ўтди. Давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, хориждаги ватандошларга қаратилаётган эътибор натижасида ўзбек ёшларининг дунё миқёсида юқори чўққиларни забт этаётганини мамнуният билан таъкидлади.

Бу каби тадбирларни фаол ўказилиши ватандошларни бирлаштириш уларни ватанига бўлган меҳрини янада ўсишига туртки бўлишини айтиб ўтди.

Тадбир доирасида ватандошлар иштирокида футбол мусобақаси ўтказилди. Юртдошларимиз турнирда фаол иштирок этиб совринли ўринларни қўлга киритишди. 1,2,3-ўринни эгаллаган жамоаларга махсус кубок ва совғалар топширилди.

Шунингдек, ўзбек маданияти ва туризм салоҳиятини намойиш этиш мақсадида мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари ва тарихий обидалари ҳақидаги суратлар ҳамда миллий либосларимиздан иборат кўргазма ташкил этилди. Иштирокчилар ўзбек миллий таомлари ва куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлишди.

Занг Хунян, "Ипак йўли" нашриёти директори:

– Мамлакатингиз элчихонаси томонидан ташкил этилган маданий тадбирда иштирок этганимдан жуда мамнунман. Бу тадбир иккала давлат учун хам жуда муҳим. Тадбир давомида Ўзбекистон маданияти, анъанавий ўзбек таомлари ва миллий либослари билан танишдик. Байрам кечаси кўтаринки руҳда ўтди. Биз ҳақиқий ўзбекона меҳмондўстликни ҳис қилдик.

Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюриб, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Навоий ва Андижон каби шаҳарларда бўлганман.

Умид қиламанки, келажакда Ўзбекистонга кўпроқ хитойлик сайёҳлар ташриф буюриб, мамлакатингиз бой тарихи ва маданияти билан танишиш имконига эга бўлади. Бу эса халқларимизни бир-бирларини яхшироқ билишига замин яратади.

Чжан Цзесюн, талаба:

– Бундай ажойиб маданий тадбирда иштирок этиш менга катта завқ берди.

Юртингиз ҳақида кўп эшитганман. Бугун эса бу ерда дўстона руҳда ўтган тадбирда миллий таомлардан ва куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлдим, футбол мусобақасида иштирок этдим.

Ушбу халқаро дўстона учрашув бизни нафақат ўзбек маданияти билан таништирди, балки Хитой ва Ўзбекистон ўртасида кўприк бўлиб ҳам хизмат қилди. Ўзбекистонлик ёшлар билан суҳбатлашиб, ўзаро фикр алмашдик. Ўзбекистонлик ёшларга ўқишларида ва келгуси ишларида омадлар тилайман.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш