Logo

Элҳаж Амаду Ури Барри: Самарқандда ўзига хос энергияни ҳис қилаяпмиз

Октябрь 29, 2025. 11:04 • 2 дақ

161
Элҳаж Амаду Ури Барри: Самарқандда ўзига хос энергияни ҳис қилаяпмиз

САМАРҚАНД, 29 октябрь. /"Дунё" АА/. Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКОнинг ХIV Ёшлар форумининг гвинеялик иштирокчиси Элҳаж Амаду Ури Барри "Дунё" АА учун интервьюсида мазкур форум ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Мен учун бу форумнинг ташкил этилиши жуда муҳим, чунки мен бу ерга Гинеядан ўз мамлакатимни тақдим этиш учун делегат сифатида келдим. Ўз юртим делегати бўлиш ва миллатим номидан сўзлаш мен учун катта шараф.

Аввало, шуни таъкидламоқчиманки, ўзбекистонликлар ажойиб меҳмондўстлик кўрсатишди. Бизни жуда илиқ кутиб олишди ва бу ерда бўлган илк дақиқалардан бошлаб ўзимизни худди уйимиздагидек ҳис қиляпмиз. Ўзбекистондаги муҳит тинч, самимий ва қулай – бу ажойиб таассурот қолдирмоқда.

ЮНЕСКО Ёшлар форумига келсак, бу ҳақиқатан ҳам ғайриоддий воқеа. Бу галги форум ўн тўртинчисидир. Бу йил форумнинг асосий мавзуси иқлим чоралари ва уларнинг ижтимоий оқибатлари, айниқса, ёшларнинг ролига бағишланган.

Ёш авлод бу муҳокамалар марказида туриши кераклигига аминман, чунки бежизга: "Бугунги ёшлар – эртанги дунёнинг келажаги" дейишмайди.

Ҳатто ўзимга савол бердим – бу форумни айнан Самарқандда ўтказишни ким таклиф қилди? Бу, шубҳасиз, ажойиб қарор. Бу ерда ўзига хос энергия ҳис қилинади ва менимча, барча иштирокчилар мамнун. Нафақат мен, балки дўстларим ҳам бу туйғуни баҳам кўришмоқда – бу ерда ҳамма ўзини жуда қулай ҳис қилмоқда ва хурсанд.

Бошқа иштирокчилар ва дўстларим билан фаол мулоқот қиляпман, уларга Самарқанд ҳақида гапириб беряпман – ва айтишим керакки, бу шаҳар чиндан ҳам ҳайратга сазовор.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш