Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда
Ноябрь 27, 2025. 18:20 • 2 дақ
• 89
ТОШКЕНТ, 27 ноябрь. /"Дунё" АА/. Пойтахтимизда Европа Иттифоқи – Марказий Осиё учинчи иқтисодий форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

32 давлат ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ва бизнес доиралар вакиллари қатнашган форумда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатлари барқарор ривожланиб, ўзаро ишонч ортиб бораётгани таъкидланди.
Форумда хорижлик экспертлар томонидан Европа Иттифоқининг ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, рақамли трансформацияни тезлаштириш ва барқарор иқтисодий ўсишни мустаҳкамлаш ташаббуслари муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида эътироф этилди.
Жумладан, Испания элчихонасининг Ўзбекистондаги савдо ва иқтисодий бўлими маслаҳатчиси Кристина Сантамария ушбу нуфузли тадбирнинг аҳамияти, Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг иқтисодий ривожланишдаги муҳим ўрни ҳақида сўз юритди:
– Бу тадбир мен учун жуда муҳим, чунки у жорий йилда Самарқандда бўлиб ўтган биринчи Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитининг мантиқий давоми ҳисобланади. Яъни, бу биз учун стратегик, географик ва иқтисодий жиҳатдан ниҳоятда муҳим. Муҳокамаларида маърузачилар логистика, транспорт инфратузилмаси каби ҳамкорликнинг муайян йўналишларига алоҳида эътибор қаратишди. Ўйлайманки, Транс-Каспий йўлагига бағишланган тадбир орқали масаланинг аҳамияти янада ортади.
Шунингдек, энергетика ва муҳим хомашё материаллари бўйича масалалар ҳам кун тартибида турибди. Умуман олганда, форум минтақанинг энг долзарб йўналишларини қамраб олмоқда ва унда Испаниянинг айрим компаниялари ҳам иштирок этмоқда. Биз учун – нафақат Испания, балки бутун Европа нуқтайи назаридан – бу ердаги имкониятлар ва вазиятни яхшироқ ўрганиш жуда муҳим.
Хорватиянинг Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондаги элчиси Рефик Шабанович ҳам ушбу форум ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди:
— Одатда, Ўзбекистонда йирик тадбирлар жуда яхши ташкил этилади. Ҳукуматингиз ташкилотчилик бўйича ажойиб ишларни амалга оширади ва жуда муҳим меҳмонларни таклиф қилади. Бундай тадбирлар бизнес вакиллари учун жуда муҳим. Шу боис хорватиялик тадбиркорларни ҳам Ўзбекистонга олиб келишга ҳаракат қилдик. Ўз навбатида ўзбекистонлик тадбиркорларни ҳам Хорватияга жалб этамиз. Демак, бундай тадбирлар иқтисодий соҳа ривожида жуда муҳим. Учрашувларни кузатиб амин бўлдимки, форумда нафақат Ўзбекистон ёки Европа Иттифоқининг Брюсселдаги вакиллари, балки Европа Иттифоқининг кўплаб мамлакатидан ҳам иштирокчилар бор.
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё учинчи иқтисодий форумда икки минтақа вакиллари иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, муҳим стратегик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси