ОТБ Президенти: "Янги Ўзбекистон – 2030" стратегиясида белгиланган инсон қадри устуворлиги тамойили тараққиёт фалсафамизга тўлиқ мос келади
Ноябрь 20, 2025. 09:17 • 3 дақ
• 242
ТОШКЕНТ, 20 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистонга Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канде бошчилигидаги делегация ташриф буюрди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказилди, унда ОТБ билан ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Масато Канде "Дунё" ахборот агентлиги мухбирига эксклюзив интервью бериб, Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасида рўй бераётган ўзгаришлар суръатини юқори баҳолади.
– Аввало, интервьюга вақт ажратганингиз учун раҳмат. Ўзбекистонга хуш келибсиз.
– Катта раҳмат. Бу юртга яна келганимдан мамнунман.
– Жорий йилда Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг 30 йиллиги нишонланмоқда. Сизнингча, бугунги кунда ушбу шериклик қандай даражага кўтарилган ва 30 йиллик давомида мамлакатимиз тараққиётига энг катта таъсир кўрсатган асосий босқичлар қайсилар?
– Ҳа, бу жуда муҳим босқич. Ўтган 30 йил давомида Ўзбекистонга 118 та лойиҳа орқали 15 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди. Бу лойиҳалар инфратузилма, энергетика, транспорт, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, инсон капиталини ривожлантириш каби деярли барча стратегик соҳаларни ўз ичига олади.
Яқинда имзоланган 1,2 миллиард долларлик қуёш энергияси ва қувват сақлаш лойиҳаси эътиборга молик. 1 000 мегаватт қувват – 600 мингта хонадон учун тоза энергия демакдир. Бу Ўзбекистоннинг яшил энергетикага ўтишда минтақадаги етакчи давлатга айланишига замин яратади. Биз Ўзбекистон ҳукумати билан аҳолининг, айниқса ҳимояга муҳтож қатламларнинг ҳаётини яхшилаш учун бирга ишлаётганимиздан фахрланамиз.
– Ўзбекистон ҳозирда чуқур ва аниқ мақсадли ислоҳотларни амалга оширмоқда: камбағалликни қисқартириш, хусусий секторга кенг имконият яратиш, замонавий рақамли инфратузилмани шакллантириш. Бу борада эришилган натижаларни қандай баҳолайсиз? Айни пайтда ОТБ ушбу кенг кўламли трансформацияни қандай амалий йўллар билан қўллаб-қувватламоқда?
– Ўзбекистоннинг ислоҳотлар сиёсати жуда аниқ: инсон манфаатлари биринчи ўринда. "Янги Ўзбекистон – 2030" стратегиясидаги "Инсон шаъни ва қадр-қиммати" тамойиллари бизнинг ривожланиш фалсафамиз билан тўлиқ уйғун. Биз камбағалликни камайтириш, ижтимоий ҳимоя тизимини яхшилаш, иқтисодий модернизация ва узоқ муддатли ривожланишга хизмат қиладиган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз.
Айниқса, хусусий секторни ривожлантириш – энг муҳим йўналишлардан бири. Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, тадбиркорлик учун қулай шароит яратиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш бўйича Ўзбекистон билан фаол ишлаяпмиз. Бу ислоҳотлар мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлайди.
– ОТБ Марказий Осиёда минтақавий боғлиқликни кучайтиришда муҳим роль ўйнаб келмоқда. SARES каби йирик ташаббуслар доирасида Ўзбекистон қандай ҳисса қўшмоқда ва бу дастурлардан қайси асосий йўналишларда фойда кўрмоқда?
– Биласизми, бу жуда муҳим. Интеграция иқтисодий имкониятларни кенгайтиради, бозорларга чиқишни осонлаштиради, логистика харажатларини камайтиради ва қўшни давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди.
Бу дастурда Ўзбекистоннинг иштироки жуда фаол. Бу фақат йўл ва темир йўл инфратузилмаси эмас, балки савдо тартиботларини соддалаштириш, божхона тизимини рақамлаштириш, "Яшил энергетика йўлаги" каби стратегик ташаббусларни ҳам ўз ичига олади. Ўзбекистоннинг минтақавий етакчилик амбицияси бизни ҳам руҳлантиради.
– Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш йўлида фаол ҳаракат қилмоқда. ЖСТга аъзо бўлиш жараёни ОТБ билан ҳамкорликнинг янги босқичини қандай шакллантиради? Келгусида қайси йўналишлар устувор бўлади?
– Биз Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш бўйича қатъий саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Бу жараён мамлакатнинг глобал иқтисодиётга чуқур интеграциясига хизмат қилади. Осиё тараққиёт банки савдо сиёсатини такомиллаштириш, божхона тартиботларини мослаштириш, савдо енгилликларини яратиш, стандартлаштириш ва сертификатлаш тизимини ривожлантириш бўйича техник ва институционал ёрдамни давом эттиради. Рақамли кўникмалар ва кадрлар салоҳияти ҳам бу жараённинг ажралмас қисми.
Шу ўринда бир муҳим янгиликни айтмоқчиман: келгуси йили ОТБнинг йиллик йиғилиши Самарқанд шаҳрида ўтказилади. Бу – жаҳоннинг етакчи молия вазирлари, марказий банк раислари, экспертлар ва бизнес доиралари вакилларини бирлаштирадиган энг нуфузли халқаро платформалардан бири. Бу йиғилиш Ўзбекистон учун ўз ютуқларини намойиш этиш ва келгусидаги стратегик режалари бўйича глобал аудиторияга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятини яратади.
– Самимий суҳбат учун Сизга катта ташаккур!
– Сизга ҳам раҳмат.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Стефан Краевский: Ўзбекистон Польшанинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё: муҳим стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда